Ижтимоий карта бўйича президентга маълумот берилди

Мазкур тизим аввал Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида, кейинги йилдан бошқа ҳудудларда жорий этилади.

Жамият
10 июль, 16:40
Ижтимоий карта бўйича президентга маълумот берилди

Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимоя соҳасидаги қўшимча чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди. Унда президентга ижтимоий карта бўйича маълумот берилди. 

"Ўзбекистон – ижтимоий давлат" тамойили асосида мамлакатда аҳолини қўллаб-қувватлаш, бу соҳада шароитларни яхшилаш ва хизматларни кенгайтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Бунда ногиронлиги бор шахсларга қулайликлар яратиш муҳим вазифалардан. Шу мақсадда ногиронликни белгилашда рақамлашган тизимга ўтиш таклиф этилмоқда.

Унга кўра, бу дастлаб Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида, 2025 йил 1 сентябрга қадар барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилади. Эксперт комиссияларига тиббий ҳужжатлар оилавий шифокорлар томонидан электрон юборилади. Баҳолаш Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мослаштирилган мезонлари асосида “Инсон” марказлари ходимлари томонидан амалга оширилади. Ногиронликни белгилаш билан бир вақтда унинг реабилитация дастури ҳамда протезга муҳтожлиги бўйича маълумотлар шакллантирилади.

Энди эксперт комиссиялари томонидан касбга, таълимга, спортга тавсия бериш, меҳнатга лаёқатсизликни белгилаш тартиби бекор қилинади. Бундай шахслар иш, спорт ва таълимга индивидуал ёндашув асосида йўналтирилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг хавфсиз ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун шароитларни кенгайтириш ҳам кўзда тутилмоқда. Шу боис қуриладиган ва таъмирланадиган бинолар бунга мослашганлиги бўйича мажбурий экспертизадан ўтказилади. “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” жамғармасининг камида 10 фоиз маблағи ҳар йили чорраҳаларни ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш бўйича қурилиш ва жиҳозлашга йўналтирилади. 

Тўсиқларсиз муҳит яратилган объектларнинг электрон интерактив харитаси яратилади.

Жамоат транспорти бўйича тендерларда фақатгина ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилган автобуслар иштирок этиши мумкин бўлади. Шаҳар жамоат транспортида I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга бепул хизмат кўрсатилади. Ногиронлиги бўлган шахсларни маданий тадбирлар, кўнгилочар томоша ва маросимларга жалб қилиш бўйича амалий чоралар кўрилади.

Тақдимотдаги яна бир таклиф Жаҳон банки иштирокидаги “Инсон” лойиҳаси ҳақида бўлди. Бу лойиҳа аҳолининг заиф қатламларини жамиятга интеграция қилишга қаратилган бўлиб, унинг доирасида 55 та кўпфункцияли ҳудудий хизматлар маркази ташкил этилади ва 20 турдаги ижтимоий хизмат йўлга қўйилади. Тошкент, Фарғона ва Самарқандда 4 та намунали инклюзив касб-ҳунар таълими марказлари ташкил этилади.

Беш минг нафар ходимнинг ижтимоий иш бўйича малакаси оширилади. Мослашувчан ижтимоий хизмат ва ёрдам бўйича норматив-ҳуқуқий база шакллантирилади.

Соҳадаги яна бир янгилик “ижтимоий карта” тизимининг жорий этилиши бўлади. Бу орқали ижтимоий тўловлар ва субсидиялар, ижтимоий хизматлар ва ёрдамларни тайинлаш, тақдим этиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилади. “Ижтимоий карта” бир вақтнинг ўзида ҳам тўлов воситаси, ҳам эҳтиёжманд тоифага мансублик тасдиғи ҳисобланади.

Бу тартиб дастлаб Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида, кейинги йилдан бошқа ҳудудларда жорий этилади. Натижада 72 турдаги ижтимоий хизматлар, 76 турдаги ёрдамлар ва 200 га яқин имтиёзлар ягона электрон тизимга умумлаштирилади. Қоғоз шаклидаги ҳужжатлар бекор қилиниб, вақт ва маблағ тежалади. Соҳа тўлиқ рақамлаштирилиши орқали ҳар бир оиланинг эҳтиёжлари ва имкониятларини акс эттирадиган “ижтимоий-рақамли паспорти” жорий этилади.

Давлат раҳбари бу борада тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқиб, самарали жорий этиш, эҳтиёжманд инсонларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш бўйича кўрсатмалар берди.

Эслатиб ўўтамиз,  феврал оойидаги йиғилишда 1 октябрдан аҳолига кўрсатиладиган барча ижтимоий ёрдамларни “ижтимоий карта” орқали молиялаштиришни жорий этилиши маълум қилинганди
 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+