platina.uz

1 октябрдан нафақа ва ёрдамлар “ижтимоий карта” орқали берилади

Унга аввало “Саховат ва кўмак”, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарлари жамғармалари ўтказилади. 

Жамият
20 февраль, 12:46
1 октябрдан нафақа ва ёрдамлар “ижтимоий карта” орқали берилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда айтилишича, 1 октябрдан аҳолига кўрсатиладиган барча ижтимоий ёрдамларни “ижтимоий карта” орқали молиялаштиришни жорий этилади.

Бунда, энг аввало, “Саховат ва кўмак”, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарлари жамғармалари, кейинчалик босқичма-босқич 74 турдаги ижтимоий нафақа ва ёрдамлар ўтказилади.

Ушбу карта орқали транспорт ва коммунал соҳалардаги имтиёзлардан ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.

Йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий ва ижтимоий реабилитация қилиш, касбга ўргатиш орқали тўлақонли ҳаётга қайтаришга эътибор сустлашиб кетгани танқид қилинди.

Ногиронлиги бор шахслар ишлаши мумкин бўлган касблар рўйхати замон талабларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилмагани сабабли улар ўзининг меҳнат салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқара олмаяпти.

Оғир ижтимоий аҳволдаги одамларни ҳаётга илҳомлантирадиган, рағбат уйғотадиган таъсирчан контент, шеър, қўшиқ, фильм ва бошқа бадиий асарлар яратилмаяпти.

Ўзбекистон 2021 йилда Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани тарихий воқеа бўлди ва ундаги мажбуриятларни бажариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, вилоят ва туман ҳокимлари ушбу шахсларга ёрдам бериш, уларнинг уюшмалари ва ташкилотлари билан мулоқот қилиш, шароит яратиш билан етарлича шуғулланамаётгани кўрсатиб ўтилди.

Айрим вазирлик, идоралар ва вилоят ҳокимликларда ногиронлиги бўлган бирорта одам ишга олинмагани танқид қилинди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+