Ногиронлиги бўлган ишчилар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади
Йил бошидан ногиронлиги борлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Сурхондарёда 10 фоизга кўпайди. Бу кўрсаткич 20 та туманда 12 фоиздан юқоридир.

Президент йиғилишида ногирон шахсларга янги имкониятлар берилиши маълум қилинди.
Ногиронлиги борларга бериладиган протез ва реабилитация воситалари рўйхати 18 тадан 30 тага, маблағи эса 1,5 баробарга оширилди. Бунинг эвазига йил бошидан 100 минг одамни эҳтиёжи таъминланди. Энди рўйхатга яна 7 турдаги воситалар қўшилиши белгиланди.
Ижтимоий хизмат агентлигига вилоят ҳокимлари билан биргаликда 2025 йилда 80 минг муҳтож одамга зарур протез воситаларини етказиб бериш топширилди.
Яратилган имкониятлар ҳисобига бу йил тадбиркорлар 40 минг ногиронлиги борларни ишга олди.
Буни янада кенгайтириш мақсадида 1 январдан ногиронлиги бўлган ишчилар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади. Корхоналарга сурдотаржимон, психолог ва кўзи ожизлар учун ҳамроҳлик хизмати харажати учун 50 миллион сўмгача субсидия ажратилади.
Бундай одамларни ишга жойлаган хусусий бандлик компанияларига 500 миллион сўмгача грант берилади. Бунда, ушбу компаниялар ишлаш истаги бор одамларни аниқлаб, уларни ўқитади, корхона талабига мослаштиради, иш даврини дастлабки 6 ойида ҳамроҳлик қилади.
Бугунги кунда 65 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун фуқаролар туғилганлик, ногиронлик тўғрисида, пенсия, талабалик гувоҳномаси, банк картаси каби 10 дан ортиқ ҳужжатни кўтариб юришга мажбур.
Бундай оворагарчиликка чек қўйиш вақти келганини таъкидлаб, Президент барча ҳужжатларни ўрнини босадиган битта – ижтимоий карта жорий этилишини эълон қилди.
Ижтимоий карта билан автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш мумкин бўлади, нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади.
Бу тизим 1 июлгача Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида синовдан ўтказилади, йил якунигача ҳамма жойда ишга туширилади.
Йиғилиш кун тартибидаги навбатдаги масала ногиронлиги борлар билан ишлаш бўлди.
Йил бошидан ногиронлиги борлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Сурхондарёда 10 фоизга кўпайди. Бу кўрсаткич 20 та туманда 12 фоиздан юқори.
Қайси ҳоким бу масалани ичига кириб, сабабларини ўрганди, деган саволга ижобий жавоб йўқлиги қайд этилди. Республика бўйича 33 та туманда ногиронлиги борларни реабилитация қамрови 1 фоизга ҳам етмаслиги танқид қилинди.
Шу боис соҳа учун масъуллар келгуси йилда реабилитация бўйича кескин ўзгариш қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Бунинг учун ҳар бир вилоят, туман шифохонасида реабилитация хизматлари йўлга қўйилади. 12 та ногиронлик реабилитация марказида эрготерапия, физиотерапия, даволаш-гимнастика хизматлари қамрови 5 карра оширилади.
7 та тиббиёт олийгоҳида реабилитация кафедралари очилади, профессор-ўқитувчилар Корея тажрибаси асосида қайта ўқитилади. Республика реабилитация марказига Корея ва Япониядан экспертлар олиб келиниб, маҳаллий мутахассислар малакаси оширилади.