Банк ходими омонат баҳонасида фуқароларни чув туширгани маълум бўлди
У уч кишига йиллик 23 фоиз устама ваъда қилиб, пулларини олган.
Онлайн омонат ваъда қилган собиқ банк ходимининг фирибгарлиги фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хива шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.
Унда фуқаро Ж.А. ҳудудий тижорат банк хизматлари марказида ишлаган даврида 3 нафар фуқаронинг ишончига кириб, йиллик 23 фоиз устама тўлаш шарти билан онлайн омонат қўйишини айтиб, уларнинг жами 124,1 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Шу каби, Хива шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Т.Р. фуқаро Ж.Ю.нинг ишончига кириб, унга ҳудудий тижорат банки филиалидан 1,8 млрд сўм имтиёзли кредит олиб беришини ваъда қилиб, эвазига 1 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.