platina.uz

“Ягона буюртмачи хизмати” назоратчиси билан тил бириктирган тадбиркор қамалди

Тадбиркор ихтисослаштирилган мактабни таъмирлаш учун ажратилган пулларни ўзлаштирган. 

Жамият
2 июль, 17:10
“Ягона буюртмачи хизмати” назоратчиси билан тил бириктирган тадбиркор қамалди

Тошкент вилояти, жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судида ўзига ишониб топширилган ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштиришда айбланган тадбиркорга ҳукм ўқилди. Суд ҳукми Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Судланувчи А.Н. “Angren Flourishing” МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаб келиб, Тошкент вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК техник назоратчиси М.О. билан олдиндан тил бириктирган. Улар 7.631.115.554 сўм миқдорида пудрат шартномасини расмийлаштириб, шартномага асосан “Ангрен шаҳридаги давлат ихтисослаштирилган мактаб интернатини Президент таълим муассасалари тизимидаги ихтисослаштирилган мактабга мослаштириб реконструкция қилиш” ишлари юзасидан 7.583.397.894 сўм миқдордаги қурилиш монтаж ишлари бажарилгани бўйича далолатнома тайёрлашган.

Лекин текширувларда 7.122.585.992 сўм иш турлари бажарилган бўлиб, 460.811.902 сўм миқдоридаги бажарилмаган иш турлари қўшиб ёзилиб, бюджет маблағларини жуда кўп миқдорда ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилингани маълум бўлган.

Судланувчи А.Н. ўзининг ҳаракатлари билан Жиноят кодекси 167- моддаси 3-қисмининг “а” бандида кўрсатилган жиноятни қасддан содир этган. У ўзи фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатларни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб тайёрлаб, ҳужжатларни қалбакилаштирган ва ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланган.

Якуний ҳукмга кўра, Н.А.га 3 йил 5 ой 29 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилди. Бунда унинг аввал ушлаб турилган кунлари ҳам ҳисобланди. Суд ҳукмидан кейин судланувчига нисбатан қўлланилган гаров эҳтиёт чораси бекор қилинди ва 6.813.600 сўм пуллари қайтарилиши белгиланди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+