Июл ойи учун тахминий об-ҳаво эълон қилинди
Бу йилги июл ойи нисбатан қулай ва илиқ об-ҳаво билан бошланади.
Гидрометеорология хизмати июл ойида кутилаётган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.
Синоптикларнинг прогонозларига кўра, бу йил июл ойи қулай шароитлардан бошланади. 1-3 июл кунлари ҳаво ҳарорати +31...+36 даража атрофида, жанубда +38...+40 даражагача бўлади.
Июл ойи ҳарорат тартиби бўйича меъёрга яқин бўлиши кутилмоқда. Ойнинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +35...+40 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларда +40...+43 даража бўлади. Фақат айрим кунларда ҳарорат бу қийматлардан +2...+3 даражага юқори бўлиши мумкин.
Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўртача +40 даража ва ундан юқори ҳароратли июл ойида жуда иссиқ кунлар сони 2 кундан 5 кунгачани, шимолда 6-8 кунни, жанубда ва чўл ҳудудларда 12-15 кунни ташкил этади. Сўнгги йилларда бундай иссиқ кунлар сонининг кўпайиши тенденцияси кузатилмоқда.
Ҳарорат рекордлари ва уларга яқин қийматлар жуда камдан кам ҳолларда фақат энг иссиқ июл ойларида кузатиладиган алоҳида ҳолатлардир. Июл ойида ўртача кўп йиллик давр учун ҳудуднинг катта қисмида 1-2 кун, баъзи жойларда 3-4 кунгача ёмғир ёғиши кузатилади. Одатда, июл ёмғирлари маҳаллий хусусиятга эга бўлиб, жуда қисқа бўлади.
Фарғона водийси ва республиканинг тоғли ҳудудларида ёмғир кўпроқ – ойда ўртача 6-9 кунгача ёғади. Бу ҳудудларда июл ойида ҳам сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши кузатилади.