platina.uz

Самарқанд давлат чет тиллар институтининг бир гуруҳ ўқитувчилари жазоланди

Улар сохта сертификатлар тайёрлаш орқали устама пулларини ўзлаштирган. 

Жамият
27 июнь, 20:00
Самарқанд давлат чет тиллар институтининг бир гуруҳ ўқитувчилари жазоланди

Самарқандда сохта сертификатлар орқали устама олиб келган бир гуруҳ ўқитувчилар ва уларга ёрдам берган мутасаддиларга ҳукм ўқилди. Суд ҳукми нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Мазкур иш Самарқанд шаҳар судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган. Унда жами етти судланувчининг иши кўрилди.

Судланувчи Д.Н. Самарқанд давлат чет тиллар институти инглиз тили лексикологияси ва стилистикаси кафедраси инглиз тили фани ассистент ўқитувчиси вазифасида ишлаган. У С1 даражадаги сертификатни қўлга киритиш учун билим даражаси етмаслигини билиб, Давлат тест маркази ҳузуридаги Илмий-ўқув амалий маркази тест синовларини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган судланувчи А.М. билан жиноий тил бириктирган. У сохта маълумотлар асосида 2021 йил ноябрь ойидан 2023 йил июнь ойига қадар жами 44.586.159 сўм устама пулини қўлга киритиб, бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Судланувчи З.М. Самарқанд давлат чет тиллар институти инглиз тили назарий аспектлари кафедраси инглиз тили фани стажёр ўқитувчиси вазифасида ишлаб келган. У С1 даражадаги сертификатни компьютер техникасидан фойдаланган ҳолда қайта сохталаштириб тайёрлаб,2021 йил декабрь ойидан 2023 йил декабрь ойига қадар бўлган вақт давомида жами 38.518.549 сўм устама пулини қўлга киритган.

Судланувчи С.Р. Самарқанд давлат чет тиллар институти тил ва таржима кафедраси инглиз тили фани ассистент ўқитувчиси вазифасида ишлаб келган. У ҳам сохта сертификат 2022 йил октябрь ойидан 2023 йил июнь ойига қадар бўлган вақт давомида жами 21.350.271 сўм устама пулини қўлга киритиб, бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Судланувчи Н.Ю. Самарқанд давлат чет тиллар институти инглиз тили интеграллашган курси кафедраси инглиз тили фани ассистент ўқитувчиси вазифасида ишлаб келиб, иккита сертификатни сохталаштирган, 2022 йил сентябрь ойидан 2023 йил февраль ойига қадар жами 14.347.170 сўм устама пулини қўлга киритиб, бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон- торож қилган.

Судланувчи К.М. Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳисобчиси вазифасида ишлаган. У айрим ходимларнинг компенсация пулларини ортиқча ва асоссиз ҳисоблаб, тўлаб бериш орқали жами 34.070.616 сўм бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган. Шунингдек, у ҳомиладорлик ва нафақа пули, рағбат пулларини асоссиз ёзиш эвазига жами 24.615.600 сўм бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Судланувчи Ф.З. Самарқанд давлат чет тиллар институти кадрлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келган. У ходимлар таътил кунларини ўзгартириш, нафақа ва рағбатлантиришлар ёзиш эвазига жами 38.660.500 сўм миқдорида бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Якуний ҳукмга кўра, Д.Н. узил-кесил 1 (бир) йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни Самарқанд давлат чет тиллар институтида мансабдорлик лавозимларида ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 (ўттиз) баравари миқдорида, 10.200.000 (ўн миллион икки юз минг) сўм жарима жазоси тайинланди ва давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.

Судланувчи А.М. Давлат тест маркази ҳузуридаги илмий-амалий ўқув марказида мансабдорлик лавозимларида ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида, 6.750.000 сўм жарима жазоси тайинланди.

М.З.га эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида, 10.200.000 сўм жарима жазоси тайинланди. Судланувчи Р.С.га ҳудди шу миқдорда жарима жазоси тайинланган. Ю.Н.га эса Самарқанд давлат чет тиллар институтида мансабдорлик лавозимларида ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида, 9.000.000 сўм жарима жазоси тайинланди. Икки судланувчи М.К ва З.Ф.лар эса ЖКнинг 70-моддасига асосан жазодан озод қилиниши белгиланган.

Шунингдек, иш доирасида 627.468.700 сўм пул Самарқанд давлат чет тиллар институтининг ҳисоб рақамига ўтказилиши белгиланган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+