Шавкат Мирзиёев Доғистон воқеалари сабаб Путинга ҳамдардлик билдирди
Тўқнашувлар сабаб ҳозиргача 15 полициячи ва олти жангари ҳалок бўлган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Дербент ва Маҳачқала шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ва фуқаролар қурбон бўлгани муносабати билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга мактуб йўллаб, чуқур ҳамдардлик билдирди.
Ўзбекистон етакчиси Доғистондаги террорчилик ҳужумларини қатъий қоралади ҳамда ушбу таҳдидларга қарши курашда тегишли тузилмаларнинг фаол ҳамкорлигини давом эттиришга тайёрлигини билдирди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 23 июн куни кечқурун номаълум шахслар Доғистоннинг икки шаҳрида черков ва синагогага ҳужум қилди.
Республика раҳбари Сергей Меликовга кўра, ҳужумларда ҳозиргача 15 полициячи ва олти жангари ҳалок бўлган. Жангларнинг фаол босқичи якунланган. Уч нафар тинч аҳоли ва 13 нафар полициячи шифохонага ётқизилди.
Сергокалинский тумани раҳбари Магомед Умаров ҳибсга олинган. Маълумотларга кўра, унинг икки ўғли жангарилар сафида ҳужумларда қатнашган.
Мазкур воқеалар ортидан Доғистонда уч кунлик мотам эълон қилинди.