Доғистонда полиция ва жангарилар тўқнашуви: сўнгги маълумотлар
Дербент ва Маҳачқалъада номаълум қуролли шахслар черков ва синагогага ҳужум уюштирди. Сўнгра улар полиция билан тўқнашган.
Доғистоннинг икки шаҳрида жангарилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди. Жумладан, аввал Дербент шаҳрида номаълум шахслар православ черкови ва синагогага ҳужум қилган.
Шунингдек, Доғистон маркази Маҳачқалъада жангарилар ва кучишлатар тизим вакиллари ўртасида тўқнашувлар содир бўлди. Оқибатда жами тўққиз киши (улардан етти нафари полициячилар) ҳалок бўлган.
Ҳужумдан сўнг синагогада ёнғин бошланди.
Доғистон Жамоатчилик назорати комиссияси раиси Шамил Хадулаев Дербентдаги черковга уюштирилган ҳужум чоғида руҳоний ҳалок бўлганини маълум қилди. Унга кўра, руҳоний ўлдирилган.
Махачқалъадаги йўл полицияси постига ва Дербентдаги диний обидаларга қилинган ҳужумлар натижасида 6 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлди, 12 нафари яраланди. Тўрт жангари ҳам йўқ қилинган.
Миллий аксилтеррор қўмитаси Доғистонда Махачқалъа ва Дербентда отишма содир этганларни қидириш ва зарарсизлантириш чоралари кўрилаётганини маълум қилди. Республикада аксилтеррор операцияси режими жорий этилди.
Доғистон жамоатчилик назорати комиссияси раиси ўринбосари Шамил Хадулаев Махачқалъадаги черков яқинида жанг кетаётганини маълум қилди. Ҳужумчилар тўсиб қўйилган ва қуролли жавоб қайтаришган.
Доғистон Ички ишлар вазирлиги Махачқалъадаги йўл полицияси постига ҳужум қилган икки киши ўлдирилгани ҳақида хабар берди. Яна камида икки киши "Берёзка" пляжи ҳудудида ҳибсга олинган.
Россия Тергов қўмитасининг маҳаллий бўлими раҳбарияти Дербент ва Махачқалъага йўл олди. Террорчилик моддаси бўйича жиноят иши очилган.
Доғистон раҳбари Сергей Меликов Дербент ва Махачқалъадаги ҳужумларни "ижтимоий вазиятни беқарорлаштиришга уриниш" деб атади.
Доғистон ИИВ маълумотларига кўра, икки шаҳарда тўқнашувлар давом этмоқда.