Мирзиёев ва Путин тор ва кенг доирада музокаралар ўтказдилар

Томонлар яқин истиқболда савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар.Шунингдек, бугун кам қувватли атом электр станцияси қуриш бўйича келишувлар имзоланади.

Сиёсат
27 май, 16:43
Мирзиёев ва Путин тор ва кенг доирада музокаралар ўтказдилар

27 май куни Кўксарой қароргоҳида мамлакатимизга давлат ташрифини амалга ошираётган Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Қароргоҳ олдидаги майдонда икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.Биргаликда суратга тушилгандан сўнг, давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бошланди.

Учрашувда Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ва Россиядан инвестициялар ҳажми кўпаймоқда, саноат кооперацияси ривожланмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели 45 миллиард долларни ташкил этди.

Етакчи корхоналарнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш юзасидан келишувга эришилди.

Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар. Бугун давлат раҳбарлари раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтади.

Шунингдек, етакчилар энергетика, шу жумладан атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, миграция, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Кўп қиррали маданий-гуманитар алмашинув ривожланаётганига юқори баҳо берилди. Ташриф давомида Маданий ҳамкорлик дастури қабул қилинади.Таълим ва муҳандис кадрларни тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини очиш бўйича келишувларга эришилди.

Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин музокараларни расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.

Музокараларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровлик стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар, ҳудудлар, жамоатчилик, экспертлар ва ишбилармон доиралар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Бу мақсадда Бош вазирлар даражасидаги Қўшма комиссия ва Ҳукуматлараро комиссиянинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилади, уларнинг навбатдаги йиғилишлари шу йил охиригача ўтказилади.

Шунингдек, мунтазам сиёсий маслаҳатлашувларни, БМТ, МДҲ, ШҲТ каби халқаро ва минтақавий тузилмалар ҳамда бошқа кўп томонлама платформалар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Ўзаро савдо айланмасининг барқарор суръати таъкидланди. Сўнгги 7 йилда у 2,5 баробар  ошди. Томонлар янги мақсадли кўрсаткичга - яқин истиқболда савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар. Ушбу вазифани амалга оширишга кўмаклашиш учун Россияда Ўзбекистоннинг тўлақонли савдо ваколатхонаси ташкил этилади. Бугунги саммитга энергетика, металлургия, нефть-кимё, машинасозлик, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика, фармацевтика, сунъий интеллект ва бошқа кўплаб йўналишларда 20 миллиард доллардан ортиқ қийматда янги саноат кооперацияси лойиҳалари тайёрланди.

Бу каби лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма Инвестиция платформаси ишга туширилади.

Энергетика соҳасида газ ташиш тизимини модернизация қилиш, газ, нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш, углеводородларни қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, ташриф доирасида Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланади.

Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари раҳбарлари ташриф билан Россияда бўлдилар. Бугун давлат раҳбарлари раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтади.

Учрашув чоғида делегация аъзоларининг қисқа ҳисоботлари, турли соҳаларда амалий ҳамкорлик бўйича аниқ таклифлари тингланди. Музокаралар якунида давлат раҳбарлари ҳар бир йўналиш бўйича амалга ошириш механизмлари назарда тутилган “йўл хариталари”ни қабул қилишга топшириқ бердилар, дейилади расмий хабарда.

 

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+