Путин Шавкат Мирзиёевга Трамп билан учрашув натижалари ҳақида маълумот берди
Ўзбекистон президенти Украина атрофидаги вазият тез фурсатда тартибга солинишига умид билдирган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 август куни Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Халқаро ва икки томонлама кун тартибининг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.
Россия Президенти давлатимиз раҳбарига 15 август куни Анкориж шаҳрида ўтган Россия-АҚШ саммитининг асосий натижалари тўғрисида маълумот берди.
Ўзбекистон раҳбари эришилган келишувларни қўллаб-қувватлаб, Украина атрофидаги вазият тез фурсатда тартибга солинишига умид билдирди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги суръатини сақлаб қолиш ҳамда Ўзбекистон ва Россия корхоналарининг устувор кооперация лойиҳаларини жадаллаштиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чоралар кўриш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Барча даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 15 август куни Аляскада Путин ва Трамп саммити ўтказилди.
Аввалроқ Путин Шавкат Мирзиёевга Стив Уиткофф билан учрашув тафсилотларини маълум қилганди.