Путин Мирзиёевга АҚШ вакили билан музокара ҳақида маълумот берди
Ушбу суҳбат Трамп Россия президентига берган муддатнинг охирги кунида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8 август куни Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, унда икки томонлама ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Гап нима ҳақида?
Путин Украина урушида келишувга эришиш бўйича қарор қилиши керак бўлган муҳим паллада ушбу телефон мулоқотини ўтказди. Россия раҳбари Ўзбекистон президентига 6 август куни Москва шаҳрида АҚШ Президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф билан ўтказилган музокараларнинг асосий натижалари ҳақида маълум қилди.
Шунингдек, Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичларининг ўсиш суръатини таъминлаш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар даражасида сермаҳсул алоқалар, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувларни давом эттиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Россия етакчилари бўлажак учрашув ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Доналд Трамп Путинга Украинадаги урушни тўхтатиш учун бугун, 8 августгача муддат берганди.
Шавкат Мирзиёев ва халқаро ҳаёт
Путин билан мулоқотдан ташқари Ўзбекистон президенти 4-6 август кунлари Туркманистондаги конференцияда қатнашиб, денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар тараққиёти бўйича муҳим таклифларни илгари сурганди. Шунингдек, БМТ котиби, Грузия бош вазири ва қатор сиёсий арбоблар билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.