Шавкат Мирзиёев Путинни муваффақиятли сайловлар билан табриклади
18-20 сентябр куни ўтган сайловларда "Ягона Россия" партияси катта устунлик билан ғалаба қозонди ва парламентда кўпчилик ўринни қўлга киритди.

Президент Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга мактуб йўллади. Унда Ўзбекистон раҳбари Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думасига сайловлар муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Ўзбекистон Президенти икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожланаётгани таъкидлади.
Кўп қиррали алоқаларимизда алоҳида ўрин тутадиган парламентлараро ҳамкорлик бундан буён ҳам икки томонлама лойиҳа ва дастурларнинг муваффақиятли амалга оширилишига хизмат қилиши қайд этилди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигини ҳар томонлама ривожлантиришга кучли суръат бағишлаш, уни мамлакатларимиз равнақи ва халқларимиз фаровонлиги йўлида янги ташаббуслар билан бойитишга ишонч билдирилди.
Якунда Президент Шавкат Мирзиёев Президент Владимир Путинга мустаҳкам соғлиқ ва давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар, Россия халқига эса тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт тилади, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 18-20 сентябр куни ўтган сайловларда "Ягона Россия" партияси катта устунлик билан ғалаба қозонди ва парламентда кўпчиликни қўлга киритди.
