platina.uz

Тошкентда Яндекс ҳайдовчиси мижознинг пулини онлайн қиморга тикиб юборди

У мижознинг 750 АҚШ доллари ва 1.500.000 сўм пулларини шеригининг пластик картасига ўтказиб олган ва ўйинга тиккан. 

Жамият
14 июнь, 19:00
Тошкентда Яндекс ҳайдовчиси мижознинг пулини онлайн қиморга тикиб юборди

Тошкентда мижозга тегишли маблағни ўз манфаатлари йўлида ишлатиб, уни онлайн қиморга тикиб юборган Яндекс ҳайдовчисига жазо тайинланди.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди мазкур иш кўриб чиқилган. Суд ҳукми Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Айбланувчи Д.Г. аввал ҳам судланган ( 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган, сўнгра касаллиги боис жазо алмаштирилган). У 2024 йил 13 январь куни жиноий шериги Б.М. билан олдиндан тил бириктирган.

Улар Яндекс мобил иловаси орқали буюртмаларни етказиб бериш билан шуғулланиб, Юнусобод туманида жойлашган “Pro Max” дўконига илова орқали чақирувга асосан келишиб, дўкон эгаси фуқаро Ш.Зикиржоновга тегишли телефон апппарати қулоқчинининг бўш қутисига солинган 750 АҚШ доллари ва 1.500.000 сўм пулларни дўкон сотувчиси А.Абдурахмоновдан Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Назарбек МФЙга Ш.Зикиржоновга етказиб бериш учун қабул қилишган. Сўнгра йўлда қутини очиб, Ш.Зикиржоновга буюртмани етказиб бермасдан, пулларни шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юбориб, Ш.Зикиржоновга жами 10.812.000 сўм моддий зарар етказишган.

Д.Г шериги билан Б.М. билан “Фарход” бозори олдига бориб, 700 АҚШ долларларини сўмга айрибошлаб, бу пулларни Б.М.нинг пластик картасига ўтқазиб, пластик картаси орқали “Mostbet” иловасига ўтказиб рулетка ўйинига ушбу пулларни ҳаммасини тикиб ютқазишган. 1,5 млн. сўм маблағни ҳам шу тарзда сарфлаб юборишган.

Д.Г судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, пушаймонлигини ва зарар тўлиқ қопланганини билдирди.

Суд ҳукмига кўра, Д.Г. ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга узил-кесил 5.850.000 сўм жарима ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 (уч) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Унинг икки ой давомида қамоқда сақлангани инобатга олиниб, якунда узил-кесил ўташ учун 5.850.000 сўм жарима ҳамда иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил 5 (беш) ой 12 (ўн икки) кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+