Арманистон КХШТдан чиқиб кетади
Жорий йил февралида Никол Пашинян расмий Ереван КХШТдаги фаолиятини “музлатиб” қўйганини маълум қилганди.
Арманистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ)дан чиқиши мумкин.
Бугун Арманистон парламентидаги ҳукумат соати мажлисида бош вазир Никол Пашинян шу ҳақда баёнот берган.
Бош вазир Озарбайжон билан Тоғли Қорабоғ юзасидан 44 кунлик урушдаги мағлубият ҳақида гапириб, барча айбни “пуфак иттифоқ”ни тузганлар зиммасига қўйган.
Шунда парламентда унга мухолиф депутатлардан бирининг “Бўлмаса нега КХШТдан чиқмаяпмиз? Қандай қилиб Ереван фаолиятидан норози бўлган ташкилотга аъзоликни давом эттиради?” дея берган саволига Пашинян шу тарзда жавоб берган.
«Буни хал қиламиз. Ўзингиз нима деб ўйлайсиз? Кейинги қадамимиз қандай бўлади? Орқага қайтамиз, деб ўйлаяпсизми? Йўқ, орқага йўл йўқ. Хавотир олманг, ортга қайтмаймиз” деган Арманистон бош вазири.
Пашинян мухолифатга мурожаат қилиб, ҳозирча ҳукумат КХШТдан батамом чиқиш ҳақида гапирмаётгани, чунки бу “уларнинг” кайфиятини бузиши мумкинлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил февралида Никол Пашинян расмий Ереван КХШТдаги фаолиятини “музлатиб” қўйгани ҳақида баёнот берганди. Бир ой ўтиб эса, агар бу ташкилот Ереваннинг мамлакат суверен ҳудудлари борасида қўйган саволларига жавоб бера олмаса, Арманистон КХШТдан чиқишини билдирган эди. Таъкидлаш керак, аслида бундан анча аввалроқ Арманистон томони КХШТ тадбирларида иштирок этмай қўйган.
Кейинроқ эса, Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати “КХШТнинг 2024 йил учун бюджети ҳақида”ги қарорига қўшилишдан ва бу қарорда кўзда масала - ташкилотни молиялаштиришдан “тийилишини” маълум қилди.