Арманистон КХШТдаги иштирокини вақтинча тўхтатди
КХШТ минтақада Россия бошчилигидаги ҳарбий блок сифатида кўрилади.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакатнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги (КХШТ) иштироки “музлатилган”лигини айтди. Шу билан бирга, у Арманистондаги Россия ҳарбий базасини сақлаб қолиш масаласи кун тартибида эмаслигига ишонтирди.
Франциянинг France 24 телеканалига берган интервюсида бош вазир расмий Боку билан чигал муносабатлар ҳақида гапирди.
Унинг иддао қилишича, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев “ҳудудий яхлитликни ўзаро тан олишга асосланган тинчлик шартномасини истамайди, балки Арманистонда янги ҳудудларни эгаллашни режалаштирмоқда”.
Никол Пашинян Россия расмийларининг позициясини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, Россия бир неча ой олдин "Арманистон аҳолисини ҳукуматни ағдаришга очиқ чақирган". Пашинянга кўра, "Москвадан унга қарши бу ташвиқот тўхтовсиз давом этмоқда".
“Биз ўз ҳудудимиздаги ноқонуний ҳаракатларга тоқат қила олмаймиз”, деди Никол Пашинян ва “Ереван талаблари жавобсиз қолса, оқибатлари” билан таҳдид қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 19 сентябрда Озарбайжон Қорабоғда антитеррор операцияни бошлади ва ҳудудларини қайтариб олди. Арманистоннинг КХШТга мурожаати эса бесамар якунланди.
КХШТга тамал тоши 1992 йил 15 майда Тошкент шаҳрида қўйилган. Унга ҳозирда Арманистондан ташқари Россия, Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон киради.