“Мурожаатдан – даромадга” лойиҳаси доирасида юздан ошиқ хотин-қиз ишли бўлди

Бухорода янги тажриба асосида аҳолига иш анжомлари тарқатилди. 

Жамият
11 июнь, 11:52
“Мурожаатдан – даромадга” лойиҳаси доирасида юздан ошиқ хотин-қиз ишли бўлди

Президент Халқ қабулхонасининг “Мурожаатдан – даромадга” лойиҳаси Бухоро вилояти Шофиркон туманида катта фестивалга айланди. 

Эрта тонгдан туман марказида ўтказилган соғлом ҳаёт учун “5000 қадам” юриш марафони Ёшлар боғидаги турли кўргазмалар-у китобхонлик анжуманига, ёш рассомлар учун маҳорат дарслари-ю ҳарбий-ватанпарварлик дастурларига, спорт мусобақалари-ю аҳоли даромадини ошириш йўлидаги амалларга уланиб кетди.

Бу жараёнда  Президент маслаҳатчиси ўринбосари – Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан моддий ёрдам масаласида мурожаат қилган шофирконлик 115 нафар хотин-қизга сектор раҳбарлари билан бирга субсидия ҳисобидан ўн турга яқин иш анжомлари топширилди. Тикув машиналари, сут, гўшт ва сабзавотларни қайта ишлаш ускуналари олиб берилган ҳар бир мурожаатчи ўз ҳудудида шу йўналишдаги лидер тадбиркорларга бириктирилди. Бу эса аҳоли даромадини ошириш, бу борадаги мурожаатларга самарали ечим топишнинг яна бир халқчил механизмидир.

 Масалан, “Қалмақон” маҳалласида яшовчи тадбиркор Ойниса Шарипова ҳам бугун Моҳира Икромова каби субсидияга ускуна олиб иш бошлаган тўрт нафар маҳалладоши билан кооперация ташкил қилди. Тўрт аёл ўз уйида ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарса, тадбиркор уларни сотиб олиб, истеъмолчиларга етказиб беради. Бундан эса барча бирдек манфаатдор.

Ёки Денов маҳалласида яшовчи Нодира Каримова ҳам бугун маҳалласидаги тадбиркор билан бирикиб, субсидияга олинган сепараторда сутни қайта ишлаб, қаймоқ, сариёғ олишни бошлади. Бу билан оила бюджети учун яна бир даромад манбаи яратилди.

Туман марказидаги Ёшлар боғи анчагача гавжум бўлди. Меҳнат ярмаркалари, касб-ҳунар ўрганиш, олий таълим, соғлом овқатланиш каби йўналишлардаги кўргазмаларда аҳолининг барча қатлами, айниқса, ишсиз хотин-қизлар меҳнат қилиб, жамиятнинг фаол аъзосига айланиши учун кенг миқёсда маълумотлар, маслаҳат ва кўмак олиш имконига эга бўлди. Бухоро шаҳридан келган тажрибали шифокорлар 470 нафардан зиёд аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди.

 “Бухоро тажрибаси” – садоқат намунаси” тамойили асосидаги бундай тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этиляпти.

 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+