Мазут ва кўмир 2 йилга бождан озод қилинади
Куз-қишга тайёргарлик ишларига ўтган йилги 14 триллион сўмга қўшимча яна 14 триллион сўм ажратилади.
Мазут ва кўмир 2 йилга бождан озод қилинади, кўмир импорти учун 3 йил муддатга револвер кредитлар берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев бугунги йиғилишда айтиб ўтди.
Йиғилишда мутасаддилар ва ҳокимлар олдига яқин муддатда аҳоли ва ижтимоий соҳа учун 1 миллион 200 минг тонна, йил якунигача яна шунча кўмир етказиб бериш, 1 октябргача 600 минг тонна кўмир ва 350 минг тонна мазут захирасини яратиш вазифаси қўйилди.
Бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига ўтган йилги 14 триллион сўмга қўшимча яна 14 триллион сўм ажратилади.
“Энди “муддат кам эди, маблағ бўлмади”, деб баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дея президент мутасаддиларни огоҳлантирди.
Шунингдек, электр энергиясини ишлаб чиқаришни кўпайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Барча генерация манбалари ҳисобидан жорий йилда 4 гигаваттлик электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилган. 11 та қуёш ва 3 та шамол станцияси шулар жумласидан.
Бундан ташқари, 850 километр магистрал тармоқ ва 9 та подстанцияни капитал таъмирлаш, 595 километр электр тармоғи ва 4 та янги подстанцияни ишга тушириш режалари белгилаб олинди.
Газ босими паст, йўқотишлар юқори маҳаллалардаги хонадонларнинг газ таъминотини уч босқичли тизимдан икки босқичлига ўтказиш режалаштирилган. Октябр-декабр ойларида истеъмолчиларга 163 минг тонна суюлтирилган газ етказиш топширилди.
Шунингдек, вилоят ҳокимларига 300 дан зиёд олис маҳалла учун кўмир, суюлтирилган газ ва асосий турдаги озиқ-овқат захирасини яратишга топшириқ берилди.