Сирдарё вилояти ҳокими бир кунда пул ажратиш бўйича олтита фармойиш имзолади
Туман ва шаҳарлардаги тиббиёт бирлашмалари кардиология бўлимларини жиҳозлаш учун 600 млн сўм берилади.
7 июн куни Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиевнинг пул ажратиш бўйича фармойишлари эълон қилинди.
Жумладан, вилоятдаги 239 та маҳаллада "Кексалар гуруҳи" раҳбарларини моддий рағбатлантириш учун бюджетнинг ошириб бажарилган маблағлари ҳисобидан 145 млн. сўм берилади.
Гулистон шаҳар, "Сайқал" МФЙда уйлари бузилган 18 та хонадон эгаларига янги уй тўлови учун 715 миллион сўм ажратилади.
Туман ва шаҳарлардаги тиббиёт бирлашмалари кардиология бўлимларини жиҳозлаш учун 600 млн сўм, "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшлар иқтисодий-ижтимоий муаммоларини ҳал этиш учун 500 млн. сўм тақдим этилади.
Касаба уюшмалари тизимига қаровчи "Болалар соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклаш маркази"га жами 1 млрд. сўм маблағ сарфланади.
Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек ворислари танлови туман ва вилоят босқичларини ўтказиш ва тақдирлаш харажатларига 162 миллион сўм вилоят ҳокимлигига ажратилади.