Сирдарё ҳокимлиги яна радарлар хариди учун пул ажратмоқда
2023 йил Гулистон шаҳрида ўтказилган Халқаро бахшичилик фестивали харажатларини қоплаш учун вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан 1 миллиард сўм берилиши маълум қилинган.
Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиевнинг 1 март куни пул ажратиш бўйича уч фармойиши эълон қилинди. Пуллар фестивал, турли тадбирлар ва радарлар харажатига сарфланади.
Биринчи ҳужжатга кўра, 2023 йил 6-8 май кунлари Гулистон шаҳрида ўтказилган Халқаро бахшичилик фестивали харажатларини қоплаш учун вилоят маҳаллий бюджетининг эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан бир миллиард сўм берилиши маълум қилинган. Пуллар Маданият вазирлиги ҳузуридаги "Халқаро фестиваллар дирекцияси"га берилади.
Туман(шаҳар)ларда фуқаролар ташаббусини шакллантирувчи тадбирларни молиялаштириш учун маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ маблағларидан 5 млрд. сўм берилади. Пуллар Сирдарё вилоятининг 11 туманига тақсимланади. Жумладан, Гулистон шаҳрига 502 миллион, Ширин шаҳрига 146 миллион сўм, Боёвут туманига 816 миллион сўм, Сирдарё шаҳрига 795 миллион сўм ажратилади.
Учинчи фармойишга кўра, вилоятда йўл қоидалари бузилишини махсус қайд этувчи фото ва видео дастурий-техник воситаларни харид қилиш харажатлари учун 3 млрд. сўм берилади.
Сирдарё ҳокими бир кун аввал ҳам маблағ ажратиш бўйича учта фармойиш чиқарганди. (жами 22 млрд. сўмдан зиёд)
Эслатиб ўтамиз, ҳоким декабр ойида ҳам радарлар учун маблағ ажратганди.