Тошкентда чорраҳа, бекат ва пиёдалар йўлаклари учун 2,5 млрд сўмдан ошиқ пул ажратилади
Маблағ Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг захира жамғармасидан берилади.

Тошкентда бюджетдан 2,5 млрд сўмдан ошиқ пул ажратилади.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов пойтахтдаги чорраҳаларни тартибга солиш, пиёдалар йўлаклари ва автобус бекатларини босқичма-босқич таъмирлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Қарор 2026 йил 16 апрелда эълон қилинди.
Бунинг учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг захира жамғармасидан жами 2 501,0 млн (2,5 миллиарддан ортиқ) сўм маблағ ажратилади.
Жумладан, шаҳар кўчаларидаги йўлакларни II, III ва IV босқичларда мукаммал таъмирлаш 1 060,1 млн сўм берилади. Йўл ҳаракатини қайта кўриб чиқиш ва зарур таъмирлаш ишларини бажариш учун — 1 054,8 млн сўм. Бекатларни тартибга келтириш ва таъмирлашнинг I босқичи учун — 386,1 млн сўм.
Мазкур ишлар учун буюртмачи этиб Тошкент шаҳар ҳокимлигининг "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси белгиланди. Қарор ижросини назорат қилиш ҳоким ўринбосарлари Б.Раҳмонов ва А.Бахтиев зиммасига юклатилган.
