Танқиддан сўнг: ташландиқ фаввора ўраб қўйилди
Platina.uz Мустақиллик майдонидаги ташландиқ ҳолга тушган фаввора ҳақида репортаж тайёрлаганди.
Аввалроқ Platina.uz сайти Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдонида жойлашган ташландиқ фаввора ҳақида видеорепортаж тайёрлаганди.
Ҳозирги кунга келиб, ушбу собиқ фаввора атрофи махсус баннерлар билан ўраб қўйилган. Баннерда Metropol Group қурилиш фирмаси номини кўриш мумкин.
Metropol Group фирмаси собиқ МХХ биноси ўрнида ҳашаматли меҳмонхона қурилишини бошлаган. У ерни собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комилов сотиб олган эди.
Дониёр Комилов “Ўзбекнефтгаз”га тегишли барча АЁҚШлар ва “Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи”ни ими-жимида ҳам харид қилганди.
Фаввора ўрнида нима қурилиши номаълум. Унинг Metropol Group фирмасига ўтгани ҳам энди маълум бўлди.
2023 йилда бузилиши бошланган собиқ МХХ биноси ҳудудидаги 53 туп кўп йиллик дарахтлар ноқонуний равишда кўчириб кетилган эди. Айни пайтда прокуратура бу бўйича жиноий иш очган.