Тошкентда “Доля”, “Скар”, “Туз”, “Доди” лақабли жиноий гуруҳ аъзолари ушланди
Улар телефон савдоси, ойлик иш ҳақи, автомашина олди-сотдиси, ишлаган пулни ундириб бериш каби барча масалаларда фуқароларга таҳдид, қўрқитиш, товламачилик ва зўравонлик орқали миллионлаб пулларни талаб қилиб, уларни жим юришга мажбур қилган.

Тошкентда кўча ечимларини зўравонлик ва безорилик йўли билан ҳал қилиб, товламачилик жиноятини содир этиб келган уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди.
Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати эълон қилган видеода гап боради.
Вазирлик тезкор қидирув департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида уюшган жиноий гуруҳ етакчиси Абдуғаниев Умид, (лақаби “Доля”, муқаддам жиноят кодексининг 169-моддаси билан судланган), унинг жиноий шериклари — Йўлдошев Иззат (муқаддам жиноят кодексининг 168-моддаси билан судланган, лақаби “Скар”), Зияев Рустам (лақаби “Туз”, муқаддам жиноят кодексининг 169, 226 ҳамда 277-моддалари билан судланган) ва “Доди” лақаби остидаги Абдуғаниев Даврон қўлга олинди.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг сентябрида бир-бирига таниш бўлган икки фуқаро ўртасида пул масаласида келишув бўлган. Фуқаро шеригига тадбиркорлик қилиши учун бир йилга 11 минг доллар қарз берган. Бу пул олди-берди масаласидан хабар топган жиноий гуруҳ аъзолари ноябрь ойида икки танишнинг ўртасидаги муносабатга ҳеч қандай сабабсиз куч ишлатган ҳолда қарз олган фуқарони қўрқитиб, унинг танишига тегишли 11 минг долларни қўлга киритган.
Пулларни эгасига қайтармаган ҳолда тўлиқ ўзлаштириб, уюшган гуруҳ ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган.
“Уларнинг бу каби разилликлари ёш, жинс, ижтимоий аҳвол, сабаб ва мавзу танламаган. Телефон савдоси, ойлик иш ҳақи, автомашина олди-сотдиси, ишлаган пулни ундириб бериш каби барча масалаларда фуқароларга таҳдид, қўрқитиш, товламачилик ва зўравонлик орқали миллионлаб пулларни талаб қилиб, уларни жим юришга мажбур қилган”, дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган. ИИВ ушбу жиноий гуруҳ аъзоларидан жабр кўрганлардан бу ҳақда ички ишлар органларига мурожаат қилишларини сўради.





