Давлат компанияларининг эксклюзив ҳуқуқлари бекор бўлади
Президентнинг бу фармони ЖСТга аъзо бўлиш йўлида муҳим қадам экани айтилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 3 июн куни қатор давлат компанияларининг иқтисодий фаолият олиб бориш бўйича эксклюзив ҳуқуқларини бекор қилиш тўғрисидаги Фармонга имзо чекди.
Ушбу ҳужжат эркин бозор яратиш учун амалга оширилаётган чораларнинг узвий давоми бўлди.
Фармон қора ва рангли металларни қайта ишлаш, кимё саноати, телекоммуникация ва энергетика каби қатор соҳаларда янги даврни бошлаб беради.
"Биз Жаҳон Савдо Ташкилотининг энг асосий шартларидан бири – барча учун тенг ва эркин рақобат шароитини яратиш принципига амал қилган ҳолда, мамлакатимизнинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиш борасида қарори қатъий эканини яна бир бор намойиш қилмоқдамиз" дея изоҳ беради президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Инвестиция ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Ўзбекистон 2026 йилгача ЖСТга аъзо бўлиши ниятида эканини айтган.