platina.uz

"Ашхобод" боғи директори, ўринбосари ва реклама масъули 15 суткага қамалди

Боғда текинга 20 000 та ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ҳақидаги хабар сабаб катта тиқилинч ва тартибсизлик келиб чиққан. 

Жамият
2 июнь, 12:06
"Ашхобод" боғи директори, ўринбосари ва реклама масъули 15 суткага қамалди

Тошкентда "Ашхобод" боғи директори, ўринбосари ва реклама бўлими бошлиғи 15 суткага қамалди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.

1 июнь куни соат 12.00 да Тошкент шаҳридаги "Ашхобод" кўнгил очар боғида текинга 20 000 та ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ҳақида боғ маъмурияти томонидан ижтимоий тармоқда реклама чиқарилган.

Бироқ, бир вақтнинг ўзида ўйинчоқ олувчи ва кузатувчилар билан тахминан 40 000 нафар фуқароларни боғ ҳудудида жамлашнинг имкони бўлмаслиги, йўл ҳаракати ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш талабларга жавоб бермаслиги сабабли бу тадбирни ўтказмаслик ҳақида боғ раҳбарияти огоҳлантирилган.

"Лекин боғ маъмурияти оммавий тадбирларни ўтказиш талабларига риоя этмасдан, текинга ўйинчоқлар тарқатилиши ҳақидаги рекламани ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, боғ ҳудудида ва унинг атрофида аҳолини оммавий равишда тўпланишига сабабчи бўлган ва бу ҳаракати орқали фуқароларга хавф туғдирган.

Натижада боғ ҳудудидига кириш/чиқиш ва айрим ички йўналишларида тиқилинч вазият ҳамда боққа олиб келувчи ва яқин автомобиль йўналишларида тирбандликлар юзага келди" дейилади хабарда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг саъй ҳаракати билан бу тирбандликлар бартараф этилиб, фуқаролар тинч тарқатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан боғ директори 1981 йилда туғилган А.Н., директор ўринбосари 1987 йилда туғилган А.З., реклама бўлими бошлиғи 1994 йилда туғилган Д.Т.ларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185 прим.3, 200 прим.1, 201-моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан ушбу фуқароларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сонли қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш тўғрисидаги Қарори талаблари асосида оммавий тадбирни ўтказишга рухсат олиш учун бир ой олдин мурожаат қилиш лозим.

Рухсат берилмаган оммавий тадбирни ўтказиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+