Ўқувчиларнинг "нонини туя қилган" бош ҳисобчига жазо берилди
Ҳисобчи мактаб-интернатга озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш баҳонасида ҳужжатларни сохталаштиргани аниқланди.
Жиноят ишлари бўйича Боғот туман судида ушбу ҳудуддаги айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ва чет тилларини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб интернати бош ҳисобчисига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Суд ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Айтилишича, судланувчи С.К. ЖК 167-моддаси 2-қисмининг “б,г” бандлари ва 228-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан айбланган. У давлат ташкилотида мансабдор шахс бўлиб ишлаб келиб, ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида мактаб интернати томонидан 46.768.250 сўм пул маблағларини ҳар-хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш учун бошқа хусусий корхона ҳисоб рақамига ўтказган.
Ушбу хусусий корхона С.К.нинг отаси номида бўлган.
Судланувчи ушбу маблағлар ҳисобига сотиб олинган озиқ-овқат маҳсулотлари гўёки етказиб берилганлиги ҳақида сохта ҳисоб-фактурани отаси М.С. номига очилган электрон рақамли имзо орқали имзолаб, уни расмийлаштирган. Натижада аслида етказиб берилмаган озиқ-овқат маҳсулотларини мактаб интернати омборчисининг ҳисоботларига кирим ва чиқим қилмасдан, уларни бюджет ташкилотларининг бухгалтерия ҳисобини юритиш ҳақидаги дастурига (“UzASBO”) сохта маълумотларни киритиш йўли билан асоссиз чиқим қилган ва хусусий корхонасига ўтказилган 46.768.250 сўм пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Шунингдек, С.К. 2021 йилда ҳам 52.634.220 сўм пулни ҳар-хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш учун хусусий корхонаси ҳисоб рақамига ўтказиб, ҳужжатларни сохталаштириб талон-торож қилган. Судланувчи Судланувчи К.Сабиров судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирди.
Якуний ҳукмга кўра, С.К.га ЖК 59-моддаси тартибида жиноятлар мажмуи бўйича жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жиноят натижасида етказилган жами 99.402.470 сўм зарарлар давлат бюджетига тўлиқ қайтарилди.