Кўнгли нозик "Агробанк"чилар
Банк ахборот хизмати ўзлари тан олиб турган суд ҳукми ҳақидаги хабаримизга эътироз билдириб чиқди.
Сайтимизда "Агробанк"дан олинган маблағни талон-торож қилган бош ҳисобчи жазоланди" номли хабар чоп этилганди. Унда Агробанкнинг Шеробод тумани филиалидан ойлик оладиган МЧЖ ҳисобчиси ишчилар ойлиги учун берилган пулларни ўзлаштиргани ҳақида сўз боради.
Агробанк мана шу хабарга раддия ва ҳатто туҳмат аралаш таҳдидли муносабат тайёрлади. Уларнинг наздида биз қўйган сарлавҳа нохолис кўринган ва ОАВ ҳақидаги бир неча қонунчилик талабларини бузганликда бизни айблашган.
"Бу эса ўз навбатида, тижорат ташкилоти ҳисобланган Агробанкнинг ишчанлик обрўсига салбий таъсир қилувчи оқибатларни яратади", дейилади эътирозномада.
Шу мақсадда банк ахборот хизмати белгиланган муддатда раддия беришимизни талаб қилган, акс ҳолда судга мурожаат қилишлари ҳақида эътирознома юборишганини таъкидлашган. Аммо бизга бундай эътирознома етиб келгани йўқ. Агар 21-асрда, рақамлаштириш авжланаётган замонда қоғоз билан почта орқали юборган бўлишмаса, албатта.
Сайтимизда чиққан хабар суд ҳукмидан олиб тайёрланган, ҳукм нусхаси таҳририятда бор. Аслида банк уларнинг номини очиқ ёзган судларни судга бергани мантиқлироқ. Қолаверса, Агробанк МЧЖ ҳисобчиси пулларни талон-торож қилганини тан олган. Яъни бизнинг хабарда ҳеч қандай ёлғон нарса йўқлигини ўзлари ҳам билишади.
Шундай экан, банк ахборот хизматига Жиноят кодексида 139-модда, яъни туҳмат қилиш бўйича модда борлигини, унда туҳматнинг бир неча турлари мавжудлигини эслатиб ўтамиз. Чунки бизда чиққан хабар ҳаққоний ва холис тайёрланган, буни банкнинг ўзи ҳам таъкидлаб турибди.
Уларнинг айтишича, биз қўйган сарлавҳа ёқмаган. "Агробанкдан олинган пуллар ўмарилгани" уларнинг нозик кўнгилларига тегиб кетган бўлиши мумкин. Шундай хулоса қилишга мажбурмиз, бунинг бир неча сабаблари бор.
Биринчидан, журналистикада сарлавҳа – ярим мақола деган нақл бор. МЧЖ ҳисобчиси айнан банкдан олинган пулларни ўзлаштирган, яъни бу ерда ёлғон йўқ.
Иккинчидан, таҳририятимизда бирор ходимнинг Агробанкдаги бирор ходим билан таниш-нотаниш ҳолати йўқ. Яъни уларга хусумат қиладиган даражада яқин муносабатда эмасмиз, хусумат қилишга асосимиз ҳам, одамимиз ҳам йўқ, улардан ҳеч кимни танимаймиз ҳатто.
Учинчидан, нафақат Агробанк, балки бошқа кўплаб банкларга тегишли суд қарорлари доимий бериб борилади ва улар ҳам сарлавҳага чиқарилади. Чунки банк соҳасига мослашган каналлар ва сайтлар кўриб, фойдаланишлари мумкин.
“Ўзсаноатқурилишбанк” Чилонзор филиали собиқ раҳбарининг кирдикорлари фош бўлди
Навоийда "Ипотека банк" мутахассиси ва ҳоким ёрдамчисининг қилмишлари ошкор бўлди
"Халқ банки" ва "Трастбанк" масъулларини чув туширмоқчи бўлган тадбиркор 8 йилга қамалди
Тошкентда “Davr Bank” мансабдори билан тил бириктирган тадбиркорга суд ҳукми ўқилди
Ана шу сабабларни ўйлаб, Агробанкнинг эътирозига тушунмадик, банкни обрўсизлантириш ҳақидаги туҳматига-ку инчунун. Аксинча, банк бизнинг сайтимизни нохолисликда айблаб, бизнинг ишчанлик обрўмизга салбий таъсир қилиб қўймоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ноўрин қўйилган сарлавҳа ва материал юзасидан “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунда кўрсатилган муддат ва тартибда Агробанк ҳам раддия бериши лозимлиги, акс ҳолда уларга нисбатан “раддия бериш мажбуриятини юклаш ва моддий зарар ундириш” юзасидан судга мурожаат қилишга мажбур эканимиз ҳақида банкка эътирознома юборамиз.
Platina.uz сайти ўз фаолияти давомида холис журналистика ва жамоатчилик фикрини қўллаб-қувватлайди, бизда эълон қилинаётган материаллар аввало яхшилаб ўрганилиб, сўнгра раддия берилиши мақсадга мувофиқ.
Сўнгги хатбошилар банк эътирозномасига атай ўхшатиб ёзилди.
Platina.uz сайти таҳририяти