platina.uz

"Агробанк"дан олинган маблағни талон-торож қилган бош ҳисобчи жазоланди

Сурхондарёда банкдан иш ҳақи сифатида олинган маблағларни ўзлаштирган бош ҳисобчи аниқланди. 

Жамият
28 май, 15:01
"Агробанк"дан олинган маблағни талон-торож қилган бош ҳисобчи жазоланди

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди биносида "Агробанк"дан олинган иш ҳақи маблағларини ўзлаштирган МЧЖ бош ҳисобчисига жазо тайинланди. Иш бўйича суд ҳукми Platina.uz`да мавжуд.

Судланувчи Ғ.Ж. Қизириқ дон маҳсулотлари қабул қилиш шохобчаси катта ҳисобчиси лавозимида ишлаб келиш билан бирга, “BARAKALI DUNYO-M EKSPORTI” МЧЖ бош ҳисобчиси лавозимида фаолият юритган. У 2021 йил 17 декабрь куни “Агробанк” АТБ Шеробод филиалидан МЧЖ ишчи ходимларининг иш ҳақи учун чек орқали 50.000.000 сўм нақд пулларни олган. Бироқ шундан 48.000.00 сўмини тўлов қайдномаларига сохта маълумотлар киритиб, жамиятда мавсумий ишлаган ишчиларнинг номини тўлов ведомостларига киритиб, улар томонидан иш ҳақи олинганлиги тўғрисида сохта маълумотлар киритиб, имзоларини сохталаштирган.

Натижада МЧЖнинг 48.000.000 маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. Судланувчи Ғ.Ж. судда айбловга қисман иқрорлик билдирган.

Судланувчи Ғ.Жумаевнинг содир этган жиноятлари, уларнинг судда айбига қисман иқрор бўлиб берган кўрсатмаларидан ташқари, фуқаровий даъвогарлар, гувоҳлар, камерадаги ёзувлар ва бошқа далиллар асосида тўлиқ исботини топди, дейилади ҳукмда.

Айни ҳолатда судланувчи Ғ.Ж. томонидан содир этилган жиноят 2021 йил 17 декабрь куни содир этилган бўлиб, шу кунга қадар 2 йилдан ортиқ вақт ўтган. Бундай ҳолда судланувчи Ғ.Ж.ни содир этган жинояти учун жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетган.

Якуний ҳукмга кўра, судланувчи Ғ.Ж. ЖК 167-моддаси 2-қисмининг “г” банди билан ЖКнинг 45-моддаси қўлланилиб, 1 (бир) йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Унга шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 (юз) баравари миқдорида, яъни 27.000.000 (йигирма етти миллион) сўм жарима жазоси тайинланди. Бунда судланувчининг қарийб 3 ой вақт қамоқда ўтиргани ҳисобга олиниб, жарима 15.390.000 (ўн беш миллион уч юз тўқсон минг) сўмга камайтирилди.

Бундан ташқари етказилган 48 миллион сўм ҳам ундирилиши белгиланган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+