platina.uz

Навоийда "Ипотека банк" мутахассиси ва ҳоким ёрдамчисининг қилмишлари ошкор бўлди

Улар ўзаро тил бириктириб, имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштиришни мақсад қилган. 

Жамият
7 май, 14:00
Навоийда "Ипотека банк" мутахассиси ва ҳоким ёрдамчисининг қилмишлари ошкор бўлди

Жиноят ишлари бўйича Конимех туман судида банкдан кредит олиб, уни мақсадсиз ишлатиб юборган банк ходими ва шериклари (ҳоким ёрдамчиси ҳамда ҳайдовчи)га жазо тайинланди. Суд ҳужжати Platina.uz`да мавжуд.

Маълум бўлишича, "Ипотека банк” Зарафшон филиали муаммоли активлар бўлими бош мутахассиси вазифасида ишлайдиган шахс Зарафшон шаҳридаги ҳоким ёрдамчиларидан бири ва ҳайдовчи билан тил бириктирган. Банк ходими мансаб вазифасини суиистеъмол қилиб, таниши У.М. ва “Кончилар” МФЙда ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишловчи С.У. билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар бўлиб, имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштиришни мақсад қилган.

Улар фуқаро М.З. номига 17.05.2022 йилда “Зарипова-2022” хусусий корхонасини ташкил қилган, йиллик 14 фоиз ставкада 3-6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 36 ойдан кўп бўлмаган муддатга ҳисоб-фактурага асосан унга 225 000 000 сўмлик 3 дона пахта тозалаш ускунаси (тин-тин) ва 2 дона пахта тозалаш ускунасининг жамланмалари етказиб берилмаган бўлса-да, сохта ҳужжатлар орқали 225 000 000 сўмлик жуда кўп миқдордаги имтиёзли кредит маблағларини нақдлаштириб ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида ишлатиб юборган.

Йиллик 14 фоизлик устама ҳақи тўлаш шарти билан ажратилган 225 млн. сўм имтиёзли кредит маблағи “Шер омад бизнес зар” корхонаси ҳисоб рақамига кўчирилган, шартномада кўрсатилган пахта тозалаш ускуналари “Зарипова 2022” ХКга етказиб берилмаган ва жуда кўп миқдордаги пуллар ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилинган.

Суд банк ходимининг пушаймонлигини, етказилган зарар тўлиқ қопланганини, муқаддам судланмаганини енгиллаштирувчи ҳолат дея топган.

Якуний ҳукмга кўра, банк мутахассисини тизимда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Ҳоким ёрдамчиси эса 1 йил 6 ой муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни туман-шаҳар ҳокимлигида ҳоким ёрдамчиси лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди, унга иш ҳақининг 15 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Ҳайдовчига эса ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 4 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси берилди.

Иш бўйича етказилган зарарлар тўлиқ қоплангани инобатга олиниши белгиланган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+