"Халқ банки" ва "Трастбанк" масъулларини чув туширмоқчи бўлган тадбиркор 8 йилга қамалди

Сурхондарёлик тадбиркор махсус юк автомашиналарини сотиб олиш учун 1.540.000 АҚШ доллари миқдорида кредит олган.

Жамият
30 апрель, 14:02
"Халқ банки" ва "Трастбанк" масъулларини чув туширмоқчи бўлган тадбиркор 8 йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида, очиқ суд мажлисида икки банкдан катта миқдорда кредит олиб, ҳужжатларни сохталаштирган тадбиркор К.Ш.га ҳукм ўқилди. Суд ҳукми нусхаси Platina.uz`да мавжуд. 

Маълум бўлишича, К.Ш ўзининг норасмий рахбарлигидаги “Т-T” МЧЖ учун АТ "Халқ банки" Сурхондарё вилоят филиалидан Хитойда ишлаб чиқарилган 22 дона “HOWO” русумли махсус юк автомашиналарини сотиб олиш учун 1.540.000 АҚШ доллари миқдорида кредит олган. У транспорт воситаларини кредит шартномаси шартларига асосан банкка гаров тариқасида қўйиши лозим бўлса-да, 4 дона “HOWO” русумли автомашиналарни мажбурий ижро бюроси ва банк ходимларидан яшириб, 3 машинани кредит маблағлари сўндирилмаган бўлса-да, тақиқдан чиқариш ҳақидаги сохта хатларни тайёрлаган. Сўнгра ушбу хатлар асосида юқоридаги юк автомашиналарни тақиқдан чиқариб, сотиб юборган. Оқибатда Ш.К. кредит маблағларининг бир қисмини гаров таъминотисиз қолдириб, банк манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Бундан ташқари, К.Ш вақтинча яшаган Тошкент шаҳридаги уйда ўтказилган тинтув давомида 25 дона давлат рўйхатидан ўтмаган сохта транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномалари олинган бўлиб, К.Ш ушбу транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаларини Россия фуқароси “Н” исмли шахс билан ўзаро тил бириктириб, унинг ёрдамида тайёрлаб олиб, банклардан кредит олиш мақсадида гаров предмети учун ижарага трактор олиб, ўзи томонидан тайёрланган давлат рақамлари ёзилган қоғозларни тракторларнинг давлат рақамлари устидан ёпиштириб, сохта транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномалари орқали банк ҳодимларига мониторингдан ўтказдириб, кредит олишни режалаштирганлиги аниқланган.

Шунингдек, К.Ш, ўзининг норасмий раҳбарлигидаги “B.Q” МЧЖ ва “Трастбанк” ХАБ Термиз филиали ўртасида 650.000.000 сўм миқдорида ажратилган ажратилган кредит тўлиқ сўндирилган бўлса-да, сохта муҳр ва имзо орқали тақиқдан чиқариш ҳужжатини такроран сохталаштирган.  Бундан ташқари, К.Ш ўзи томонидан ташкил этилган корхоналар фаолиятида 2 млрд. 38 млн. 932 минг 664 сўм қўшимча солиқ тўловларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган.

К.Шнинг айби, қисман иқрорликдан ташқари, гувоҳларнинг суд мажлисидаги кўрсатувлари, нарсани кўздан кечириш ҳақида баённома ва фотожадвал, “S.CH.N” МЧЖда ўтказилган камерал солиқ текшируви хулосаси, “S.CH.N” МЧЖда ўтказилган камерал солиқ текшируви юзасидан тўпланган ҳужжатлар йиғма жилди, ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тасдиғини топди, дейилади суд ҳукмида. 

Якуний ҳукмга кўра, судланувчи Ш.К.га ЖК 59-моддасининг 8-қисми тартибида жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2023 йил 26 декабрдаги ҳукми юзасидан тайинланган 8 (саккиз) йил озодликдан маҳрум қилиш жазо муддатини ўталган қисмини қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 8 (саккиз) йил 1 (бир) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари ундан Сурхондарё вилоят ДСБ орқали давлат фойдасига 2.038.932.664 сўм миқдоридаги солиқ тўловлари ундирилиши белгиланди.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+