Суд Доналд Трампни 34 та банд бўйича айбдор деб топди

Бу АҚШ тарихида биринчи марта собиқ давлат раҳбарининг жиноий иш бўйича судга тортилишидир. Ҳукм 11 июл куни ўқилади. 

Жаҳон
31 май, 9:12
Суд Доналд Трампни 34 та банд бўйича айбдор деб топди

Ню-Йоркдаги ҳакамлар ҳайъати АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампни ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топди, деб хабар бермоқда АҚШ матбуоти.

Ҳакамлар ҳайъати Трампни барча 34 та банд бўйича айбдор деб топди. Энди суд АҚШнинг собиқ президентига қандай жазо тайинланишини аниқлаши керак.

Шу ҳафта бошида Ню-Йоркдаги 12 кишилик ҳакамлар ҳайъати Трампнинг жиноий ишини муҳокама қилишни бошлади. Американинг 45-президенти иши бўйича тингловлар шу йилнинг апрел ойида бошланган.

Бу АҚШ тарихида биринчи марта собиқ давлат раҳбарининг жиноий иш бўйича судга тортилишидир.

Оммавий ахборот воситаларида тез-тез "Сторми Дэниелс иши" деб аталадиган ушбу суд жараёни доирасида Трамп ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланмоқда. 2018 йил январь ойида The Wall Street Journal 2006 йилда Трамп гўёки порноактриса Сторми Дэниелс билан муносабатда бўлгани ва 2016 йилги президентлик сайловларидан сал олдин унга сукут сақлагани учун 130 минг доллар тўлагани ҳақида мақола чоп этди. Трампнинг ўзи Дэниелс билан шахсий алоқаси йўқлини айтиб келади. 

2023 йил апрель ойида Манхэттен округи прокурори Алвин Брагг Трампни Сторми Даниелс иши бўйича бизнес ёзувларини сохталаштириш ва жиноий фитна бўйича 34 та айбловлар бўйича айблади.

Трампга яна учта иш бўйича айблов эълон қилинди. Гап намойишчиларнинг Капитолийга бостириб кириши, махфий ҳужжатларни ноқонуний эгаллаши ва сиёсатчининг бизнесига оид қонунбузарликлар ҳақида кетмоқда.

Оқ уйнинг собиқ раҳбари ўз айбини тан олмайди. Трамп ва унинг иттифоқчилари унга қўйилган айбловлар сиёсий сабабларга кўра эканлигини бир неча бор таъкидлаган.

Жорий йилнинг бошида Трамп праймеризда Республикачилар партиясидан президентликка номзод сифатида амалда кўрсатилишини таъминлади. Президентлик сайловлари 2024 йил ноябрь ойида бўлиб ўтади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+