Байден Хитойнинг Россияга ёрдамини тўхтатиб қолгани маълум бўлди
The Washington Post нашрининг ёзишича, Хитой Украина уруши бошлангач, Россияга ҳарбий ёрдам бермоқчи бўлган.
Хитой Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин президент Владимир Путиннинг илтимосига биноан Россияни қурол-яроғ билан таъминлашга тайёр бўлган, деб ёзади The Washington Post нашри шарҳловчиси Дэвид Игнатиус номи ошкор этилмаган расмийларга асосланиб. Бироқ, АҚШ президенти Жо Байденнинг Хитой раҳбари Си Цзинпинга қўнғироқ қилганидан сўнг, қурол етказиб бериш режаси бекор қилинган.
Нашрнинг ёзишича, Байден Хитой Россияни қурол-яроғ билан таъминласа, АҚШ чоралар кўриши айтган.
WP маълумотларига кўра, ХХР ҳукумати "Россиянинг ҳарбий ҳаракатларига яширин ёрдам" ни собиқ бош вазир ўринбосари Лю Хе зиммасига юклаган бўлган. Аммо эҳтимолий санкциялар ва халқаро босимдан чўчиган ХХР раҳбарияти мазкур режани амалга оширишни эп кўрмаган.
Давлат департаменти 2023 йил февраль ойида Хитойни Россияга ноҳарбий ёрдам кўрсатаётганликда айблаб чиққанди. Ўшанда ҳам Вашингтон Пекин Москвага қурол етказиб бериш имкониятларини ўрганаётганини айтган эди. Украина президенти Владимир Зеленский эса Хитойнинг Россия Федерациясига ҳарбий ёрдам кўрсатганига оид далилларга эга эмаслигини айтганди. Европа дипломатияси раҳбари Жозеф Боррел эса Хитойдан Россияга қурол етказиб бермасликни сўради.
Украина уруши бошлангач, Эрон ва Шимолий Корея Россияга қурол етказишга айлаб келинади. Эрон дронлар, Шимолий Корея эса турли-туман ракеталар юбораётгани ҳақида фаразлар мавжуд. Аммо томонлар бу маълумотларни инкор этади.