Владимир Путин Ўзбекистонга келди
Ташрифнинг асосий тадбирлари бугун, 27 май куни бўлиб ўтади. Раҳбарлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш масалаларини кўриб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 26 май куни давлат ташрифи билан мамлакатга келди.
Тошкент халқаро аэропортида Россия Президентини давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари бугун, 27 май куни бўлиб ўтади.
Олий даражадаги музокаралар давомида раҳбарлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалаларини кўриб чиқадилар.
Саммит якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилиниши режалаштирилган. Президентлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида ҳам иштирок этадилар.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Тошкент шаҳрига келгач, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюрди.
Анъанага кўра, Россия раҳбари Мустақиллик монументига гулчамбар қўйди.
Мажмуани қисқа кўздан кечириш давомида олий мартабали меҳмонга ушбу меъморий ансамбль мазмуни ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилди.