Тадбиркорнинг маблағини ўзлаштирган мутахассис фош бўлди
У 9 турдаги техника маҳсулотларининг штрих кодини қалбаки маҳсулотларнинг штрих кодига ўзгартириб, арзон нархларда сотган.
Яккасарой туманида тадбиркорнинг 146,7 млн сўмлик мулкини ўзлаштирган мутахассис аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яккасарой туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро С.Р. “U.M.” МЧЖнинг маҳсулотларни қабул қилиш ва тайёрлаш бўлими мутахассиси вазифасида ишлаб келиб, таниши А.Т. билан 9 турдаги техника маҳсулотларининг штрих кодини қалбаки маҳсулотларнинг штрих кодига ўзгартириб, яқин қариндошлари номига очилган профиллар орқали умумий қиймати 146,7 млн сўмлик маҳсулотларни 17,8 млн сўмга сотиб олишиб, тадбиркорнинг мулкини талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.