platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

Жазосиз қолган спорт бошқармаси мансабдори яна жиноят содир этди

У спортчиларнинг мусобақаларда қатнашиши учун ажратилган маблағлар ҳисобидан ноқонуний манфаат олган.

Жазосиз қолган спорт бошқармаси мансабдори яна жиноят содир этди

​Аввалги қилмиши учун жазоланмаган Сурхондарё вилояти спорт бошқармасининг собиқ мансабдори яна жиноят содир этди.

Бу сафар эса у спортчиларнинг хизмат сафари учун ажратилган пулларни ўзлаштирган.

​Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2026 йил 6 октябрдаги ҳукмига кўра, собиқ мансабдор хизмат мавқеидан фойдаланиб, спортчиларнинг мусобақаларда қатнашиши учун ажратилган маблағлар ҳисобидан ноқонуний манфаат олган.

​Хусусан, Музрабод тумани спорт мактабида 2023 йилда мусобақалар учун ажратилган хизмат сафари пулларидан 2,2 млн сўм ноқонуний олинган.

​Шунингдек, 2024–2025 йилларда бошқа спорт муассасаларида ҳам шундай ҳолатлар кузатилган. Жумладан, Термиз Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази маблағларидан 17,9 млн сўм, бошқа спорт мактаблари маблағларидан эса 11,3 млн, 4,9 млн ва 3,6 млн сўм билан боғлиқ эпизодлар судда кўриб чиқилган.

​Бундан ташқари, айрим спортчиларга ажратилган хизмат сафари пуллари уларнинг банк карталарига тўлиқ ўтказилмаган. Баъзи маблағлар бошқа шахсларнинг карталарига туширилиб, нақдлаштирилган.

​Суд ҳужжатларида спортчиларнинг мусобақаларда қатнашиши учун ажратилган 35 млн, 28 млн ва 37 млн сўмлик маблағлар билан боғлиқ қонунбузилишлар ҳам қайд этилган.

​Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан ўтказилган текширувда спорт муассасаларида хизмат сафари пулларини сарфлаш ва ҳужжатларни расмийлаштиришда қонунбузилишлар аниқланган.

​Хусусан, Термиз Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида хизмат сафари харажатлари билан боғлиқ қарийб 170 млн сўмлик зарар қайд этилган.

​Бундан ташқари, ходимларга устама ва иш ҳақи ҳисоблашда ҳам хатоларга йўл қўйилган. Жумладан, 15,7 млн сўмлик ортиқча устама ҳамда 64,2 млн сўмлик ортиқча меҳнат ҳақи тўловлари аниқланган.

​Ушбу суммаларнинг барчаси судланувчи шахсан олган пуллар сифатида кўрсатилмаган.

​Суд мажлисида судланувчи айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини ва етказилган зарар қопланганини билдирган. У суддан енгиллик сўраган. Суд уни Жиноят кодексининг 214-моддаси 3-қисми «а» ва «б» бандлари билан айбли деб топган.

​Унга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 20 млн сўм жарима тайинланган. Шунингдек, у бир йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

​Суд ҳукмига кўра, тергов давомида прокуратура депозит ҳисобига ўтказилган 8,5 млн сўм судланувчига қайтарилиши белгиланган.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid