platina.uz

Ҳавони булғайдиган заводларга тақиқ ва чекловлар киритиляпти

Чекловлар пойтахт ҳудуди ва Тошкент, Қибрай, Юқоричирчиқ ва Зангиота туманларида амал қилади. 

Жамият
23 май, 16:02
Ҳавони булғайдиган заводларга тақиқ ва чекловлар киритиляпти

Пойтахт ва унинг атрофидаги ҳавони булғайдиган иссиқхона хўжаликлари, иситиш қозонлари ва саноат корхоналари ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш заводлари фаолиятига бир қатор янги тақиқ ва чекловлар белгиланмоқда.

Президентнинг "Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги иссиқхоналар ва саноат корхоналари томонидан атмосферага чиқарилаётган тутун ва заҳарли газларни кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Жумладан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Тошкент, Қибрай, Юқоричирчиқ ва Зангиота туманларида 2024 йил 1 июлдан бошлаб:

- Марказий банк, тижорат банклари ва бошқа кредит ташкилотларига давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси мавжуд бўлмаган иссиқхона хўжаликлари ва санот корхоналарини молиялаштириш ва уларга кредит ажратмаслик тавсия этилади;

- Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги санитария ҳимоя минтақасида (режимли объектлар атрофида) қўшимча иссиқхона ва атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи корхоналар барпо қилиниши тўхтатилади;

- мулкчилик шаклидан қатъий назар иссиқхоналарда яроқсиз шиналар, битум, плёнка, плёнкали-синтетик картон, резина, жун толаси каби чиқиндиларни ёқилғи сифатида фойдаланиш тақиқланади.

Қарор лойиҳасида, шунингдек, кўмир, мазут ва пеллет ёқилғисида фаолият олиб борувчи иссиқхона ҳўжаликлари, саноат корхоналари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарни самарадорлик даражаси 99,5 фоиздан кам бўлмаган чанг-газ тозалаш ускуналари билан таъминлаш мақсадида, ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилаётган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш ҳам назарда тутилган.

Шу билан бир қаторда, иссиқхона хўжаликлари ва саноат корхоналаринида замонавий қозонхона ва юқори самарадор чанг-газ тозалаш ускуналари, автоматик мониторинг станциялари ва стационар кузатув постлари ўрнатиш тавсия этилган.

Қарор лойиҳасига 2024 — 2026 йилларда Тошкент шаҳри атрофида иссиқхона хўжаликлари ўз ва туташ ҳудудларида "яшил белбоғ"лар барпо этиш дастури ҳам илова қилинган.

Таъкидлаш жоиз, бу президент қарорининг лойиҳаси бўлиб, 6 июнгача қадар ушбу лойиҳа юзасидан берилган таклиф ва мулоҳазалар ўрганиб чиқилган ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+