platina.uz

Туркияда яна давлат тўнтаришининг олди олинди

Президент Эрдўғон разведка ҳамда Адлия вазирлиги раҳбарияти билан шу масалада фақулодда йиғилиш ўтказган.

Жаҳон
15 май, 14:50
Туркияда яна давлат тўнтаришининг олди олинди

Туркия Республикасида бир неча куч ишлатар тизим вакиллари давлатга қарши фитна уюштиришда гумонланмоқда. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон разведка ҳамда Адлия вазирлиги раҳбарияти билан шу масалада фақулодда йиғилиш ўтказган.

Türkiye газетасининг хабар беришича, “Айхан Бора Каплан” жиноий гуруҳига алоқадор деб гумон қилинган бир неча полициячи лавозимидан кетказилгач, давлат тўнтаришига ишора берувчи ҳолатлар фош этилган. Бу масала билан Анқара бош прокуратураси шуғулланмоқда, деб ёзган Туркиянинг Sabah газетаси.

Мансабидан озод этилган полициячилар “жиноий мақсадларда хуфёна тил бириктириш”да, “адолатли ва холис суд текшируви ҳамда гувоҳларга таъсир ўтказишга уриниш”да, шунингдек, “мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш”да гумон қилиняпти.

Турк миллатчилар ҳаракатининг етакчиси, Туркия Буюк миллий кенгашининг спикери вазифасини бажарувчи Девлет Бахчелининг огоҳлантиришича, ҳозиргача тўпланган далиллар 2016 йилда Туркияда амалга ошмай қолган давлат тўнтариши ҳамда исённи такрорлашга уринишдан дарак бермоқда. 2016 йилда рўй берган давлат тўнтаришига уриниш ҳукумат кучлари томонидан бир неча соат ичида бостирилган эди.

Бутун мамлакат бўйлаб юз берган тўқнашувларда 241 киши ҳалок бўлган ва 2 мингдан зиёд киши жароҳат олгани қайд этилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+