Шавкат Мирзиёев чарм ва ипак саноатидаги муаммолар бўйича йиғилиш ўтказди
Президент айрим вазир ва ҳокимлар бу соҳа тадбиркорларини эшитмаётгани, тайёр имкониятлардан тўғри фойдалана олмаётганини танқид қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида чарм ва ипак саноатида мавжуд имкониятларни ишга солиш, жойларда Сайхунобод тажрибаси асосида аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Ҳозирда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари билан бирга тез фурсатда маҳаллада юзлаб иш ўрни ва экспортбоп маҳсулот яратадиган, юқори даромад келтирадиган кичик ва ўрта корхоналар кераклиги таъкидланди.
Бу борада энг катта захира маҳаллий саноат тармоқлари ҳисобланади. Шу муносабат билан учта муҳим соҳа – чарм, гилам ва пиллачилик саноатида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар бор.
Йиғилишда айрим вазир ва ҳокимлар бу соҳа тадбиркорларини эшитмаётгани, тайёр имкониятлардан тўғри фойдалана олмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ўтган йили чармсаноатда ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб, қарийб 3 триллион сўмга етди. Лекин, шуни ярми Андижон ва Фарғонага тўғри келади.
Республикадаги жами терининг 40 фоизини берадиган Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразмнинг чармсаноатдаги улуши уларнинг имкониятига мос эмас.
Маҳсулотига бозор топиш, айланма маблағ масалалари сабабли айрим корхоналар ўтган йилни зарар билан якунлаган. Ўтган йили чармсаноат экспортида тайёр маҳсулот улуши атиги 30 фоиз бўлган.
Давлат раҳбари икки йил олдин 155 гектар жой ажратилиб, чармга ихтисослашган 16 та кичик саноат зонаси қилинганини қайд этди.
Оҳангарон ва Ургут туманларида лойиҳалар бошланган бўлса-да, Нурафшон шаҳрида, Уйчи, Ангор, Қўқон, Қўштепа, Олтинкўл, Шароф Рашидов туманлари, Наманган шаҳри, Шаҳрихон, Самарқанд, Ҳазорасп, Бухоро, Нукус туманлари, Қарши шаҳрида бу ишлар лозим даражада ташкил этилмагани танқид қилинди.
Соҳада янги лойиҳалар учун 40 миллион доллар арзон ресурс ажратилгани, халқаро кредит линияларидан 100 миллион доллар жалб этилганига қарамай, мутасаддилар бу борада сусткашликка йўл қўяётгани кўрсатиб ўтилди.
Соҳада энг асосий масалалардан бири, бу – хом ашё.
Кластерларда қорамолни кўпайтириш билан бирга, аҳоли хонадонлари ва терини қайта ишлаш корхоналари билан кооперацияни йўлга қўйиш 25 та туманда чорвачилик кластерлари ташкил қилинган.
Лекин, ер ажратиш ва кредит масаласи тўлиқ ҳал қилинмагани учун барча кластерларнинг ҳам фаолияти ҳали юриб кетгани йўқ. Масалан, 19 та кластерга етарли ер майдонлари ажратилмаган.
Айтилган муаммоли масалалардан келиб чиқиб “Чармсаноат” уюшмаси фаолиятини тубдан ўзгартириш зарурлиги таъкидланди.Жорий йилда Шароф Рашидов ва Оҳангарон туманларида биттадан йирик чарм кластерини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Бунда экологияга жавоб берадиган сув тозалаш иншооти ва бино қуриш учун 40 миллион доллар арзон ресурс йўналтирилади. Бу ердаги тайёр лойиҳаларга 7 йилда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан табиий ва сунъий чармдан маҳсулот чиқарувчи хорижий брендлар жойлаштирилади.
Хорижий бренд жалб қилган ҳар бир корхонага сорсинг компаниялари учун сарфланган харажатни 30 минг долларгача қисмини қоплаб бериш тизими йўлга қўйилади.
Шунингдек, 14 та кичик саноат зонасида 100 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш, 11 та чорва кластерига озуқабоп экин экиш учун ер масаласини тўлиқ ҳал қилиш вазифаси қўйилди.
Давлат раҳбари ипакчиликдаги муаммо ва имкониятларга тўхталиб ўтди.
Охирги етти йилда бу соҳага катта эътибор берилиб, кластер тизими жорий қилинди. Жумладан, 74 та пилла-ипакчилик кластери ва 11 та уруғчилик корхонаси ташкил қилинди. Тут майдонлари 40 минг гектардан 55 минг гектарга кўпайди.
Буни ҳисобига, пилла етиштириш ҳажми 2,5 баробар ошиб, 26 минг тоннага етди, ипак маҳсулоти экспорти 3 баробар кўпайди.
Пиллани харид нархи пастлиги учун пиллакорларда манфаатдорлик паст.
Шунинг учун ипакчиликни ривожлантириш бўйича куни кеча имзоланган Президент фармони билан пилла харид нархи 25 фоизга оширилди.
Пиллакорлар даромад ва ижтимоий солиқлардан озод қилинди, тутзорлар учун ер солиғининг 10 фоизи тўланади.
Мутасаддилар ва ҳокимларга янги тутзорлар ташкил қилса бўладиган 105 минг гектар ер ажратиш топширилди. Бу ерлар лотларга бўлиниб, аукционда берилади, аукциондаги ернинг бошланғич нархи 10 фоиз этиб белгиланади.