Нақд маблағнинг умумий пул массасидаги улуши камаймоқда

Жорий йилнинг 3 ойи мобайнида муомалага чиқарилган нақд пул ҳажми 3,0 трлн. сўмга камайди. Нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 20,1 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга пасайди.

Иқтисод
26 апрель, 12:00
Нақд маблағнинг умумий пул массасидаги улуши камаймоқда

Марказий банк нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳни тақдим этди. Унга кўра, 2024 йил январь-март ойларида умумий пул тушумлари 184 трлн.сўмни ташкил этиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоизга ўсган. Муомалада нақд пул улуши тушиб бормоқда. 

Умумий пул тушумларида терминал орқали тушумлар улуши 2023 йил I-чорагидаги 38 фоиздан 2024 йил мос даврида 40 фоизга ўсиши кузатилди. Cавдо ва хизматлар соҳаси жами тушумларида терминал тушумлари салмоғи ўтган йил январь-март ойларидаги 40 фоиздан 44 фоизга ошди.

2024 йил январь-март ойиларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 216 трлн. сўмни ташкил этгани ҳолда, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ошди. Жумладан, банкларга нақд пул тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга ўсиб, 109 трлн. сўмни ташкил қилди.

2024 йил январь-март ойларида банк карталарига 212 трлн. сўм маблағлар кирим қилинган. Бу кўрсаткич 2023 йил мос даврига нисбатан 1,3  баробарга  ошди.  2024  йил  I-чорагида  банк  карталаридаги 48 трлн. сўм маблағлар нақдлаштириб олинган. 2023 йил январь-март ойларида банк карталарга келиб тушган маблағларнинг 24 фоизи нақдлаштириб олинган бўлса (2022 йил январь-март ойларида 28 фоизни), бу кўрсаткич 2024 йилда 23 фоизни ташкил этди.

Жорий йилнинг 3 ойи мобайнида муомалага чиқарилган нақд пуллар ҳажми 3,0 трлн. сўмга камайиши кузатилди. 2024 йил 1 апрель ҳолатига нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 20,1 фоизни ташкил қилиб ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоиз бандга пасайди.

Эслатиб ўтамиз, 25 апрел куни Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасига ўзгаришсиз қолдирганди.
 

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+