“Агробанк” собиқ бошқарувчиси 600 млн. сўм маблағни ўзлаштириб юборгани аниқланди
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида катта маблағни ўзлаштиришда айбланган банкир иши кўрилди.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида катта маблағни ўзлаштиришда айбланган “Агробанк” собиқ бошқарувчисига нисбатан суд ҳукм ўқилди. Судланувчи М.Ф. “Агробанк” АТБ Давлатобод филиали бошқарувчиси лавозимида 2021 йил 17 сентябрдан 2022 йил май ойига қадар ишлаган. Суд ҳукми Platina.uz`да мавжуд.
У мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, “LION PRIDE GROUP” МЧЖ раҳбари М.Сабиров мазкур жамиятнинг кредитдан бўлган қарздорлигини тўлаш мақсадида таниши “TEXTILE IMPEX COMPANY” МЧЖ раҳбари К.Мамадалиевдан 600.000.000 сўм миқдорида қарз сўраган. К.Мамадалиев укаси “TEXTILE IMPEX COMPANY” МЧЖ раҳбари Ж.Мамадалиевга бу ҳақда топшириқ берган.
Шундан сўнг, айбланувчи М.Ф. К.Мамадалиев томонидан 31.03.2023 йилда ўзининг номига ёзилган 600.000.000 сўм маблағини қабул қилиб олиб, “LION PRIDE GROUP” МЧЖнинг кредит қарздорлигига йўналтирмасдан, мазкур жамият раҳбари Сабировнинг розилигисиз “GOLD TEXTILE ACTIVE” МЧЖнинг кредитдан бўлган қарздорлигига тўлаб юборган ва пул маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
М.Ф. М.Фахритдинов ўзининг жиноий ҳаракатларига қонуний тус бериш мақсадида мансаб сохтакорлиги йўли билан 600.000.000 сўм пул маблағларини “GOLD TEXTILE ACTIVE” МЧЖ кредит қарздорлиги учун “LION PRIDE GROUP” МЧЖ раҳбари М.Сабировнинг номидан тўланганлиги ҳақида унинг номидан имзоланган расмий ҳужжат ҳисобланган тўлов квитанцияларини тайёрлаб, М.Сабировнинг имзосини сохталаштириб, қатъий ҳисоби юритиладиган касса ҳужжатларига қўшиб қўйган.
Гарчи М.Ф даставвал судда ўз айбини инкор этган бўлсада, суд далил ва гувоҳлар кўрсатмаси билан унинг айби тасдиқланган дея топди.
Суд ҳукмига М.Ф.га узил-кесил 2 (икки) йил 3 (уч) ой муддатга давлат банки тизимида моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 5 ой 15 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Суд унга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, жиноят натижасида етказилган зарарлар қопланганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, жиноятни ғаразли ниятларда содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолаган.
Аввалроқ "Халқ банки"нинг бухоролик мансабдори катта маблағни талон-торож қилишда айбдор деб топилганди.