platina.uz

Андижонда мактаб директори сохта ишчилар ортидан катта пул ўзлаштирди

Директор аслида ишга келмаган фуқароларга маош ёзиб, маблағларни ўз манфаати учун ишлатган. 

Жамият
22 апрель, 12:40
Андижонда мактаб директори сохта ишчилар ортидан катта пул ўзлаштирди

Жиноят ишлари бўйича Бўстон тумани судида фирибгарликда айбланиб судланган мактаб директорига суд ҳукми ўқилди. Суд ҳукми Platina.uz`да мавжуд.

Маълум бўлишича, судланувчи Х.Қ. 2009 йил октябрь ойидан 2023 йил ноябрь ойига қадарли Андижон туманидаги 15-сонли умумтаълим мактаби директори лавозимида ишлаб келган. У 2020 йилнинг октябр ойида фуқаро Ш.Асрановни умумтаълим мактабини психологи вазифасига ишга қабул қилиб, 2020 йилнинг декабр ойидан Ш.Асранов ишга келмай қўйганлигини билгани ҳолда, уни ишдан бўшатиш чораларини кўрмаган. Директор иш табелига Ш.Асрановни ишга келаётганлиги тўғрисида сохта ёзувлар киритиб, бу орқали Ш.Асрановга 71.337.900 сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисоблаб, ойлик иш ҳақларини банк пластик картасига тушириб, пулларни шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборган. Бундан ташқари Х.Қ. фаррош бўлиб ишлаган ва кейинчалик ишга келмай қўйган Р.Саидовага нисбатан ҳам шундай йўл тутиб, 12.274.000 сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисоблаб, ўз манфаатлари учун ишлатиб юборган.

Шунингдек, собиқ директор ўз ўғлини мактабда мавсумий ишчи сифатида рўйхатдан ўтказган ва Н.Каримовга 2.402.900 сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисоблаб, жами 86.140.800 сўм ойлик иш ҳақларини банк пластик картасига тушириб олган.

Бундан ташқари, судланувчи Х.Қ. умумтаълим мактабида бўлган товар моддий қимматликлардан 5.8636.000 сўмлик 1 дона "Интерактие доска Модел IRDKO92", 5.810.100 сўмлик 1 дона "Видеопроектор для интерактивний доск модел LX 222 S" ҳамда 104.600 сўмлик 2 дона "Симсиз оптик сичконча модель FDMS19", жами 11.778.300 сўмлик миқдордаги товар моддий бойликларни дастлабки тергов давомида аниқлашни имкони бўлмаган йўллар орқали ўзлаштириш йўли билан талон- тарож қилган.

Судланувчи Х.Қ. юқоридаги кўрсатилган айбларга иқрорлигини билдирган.

Якуний ҳукмга кўра, ЖК 59-моддаси тартибида тайинланган жазолар қисман қўшилиб, Х.Қ.га 1 (бир) йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, билан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида, яъни 8.250.000 сўм жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, жами 98 миллион сўмдан ошиқ маблағ зарарни қоплаш мақсадида суд ҳукми кучга киргандан сўнг давлат бюджетига йўналтирилиши белгиланган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+