Андижонда “Асака муҳандислик водийси” ташкил этилади
Президент электроника, электромеханика ва муҳандислик хизматлари занжирини йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади. Келгуси йил вилоятда камида 10 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаш, 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Асакада автомобилсозлик ва машинасозлик бўйича шаклланган 30 йиллик тажриба асосида ўз технологияларини яратишга ўтиш вазифаси қўйилди.
Шу мақсадда “Асака муҳандислик водийси”ни ташкил этиб, дастурий маҳсулотлар, электроника, электромеханика ва муҳандислик хизматлари занжирини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Вилоятда муҳандислик, энергетика, саноат ва ахборот технологиялари йўналишларида 10 минг талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг ғояларини тайёр маҳсулотга айлантирадиган тадқиқот ва ишланмалар марказларини ривожлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Тўқимачиликда ҳам мавжуд қувватлардан юқори самара билан фойдаланиш имкониятлари бор. Европадан дизайнер, конструктор ва брендларни жалб қилиб, қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтиш орқали соҳа экспортини 1,5 миллиард доллардан ошириш мумкинлиги қайд этилди.
Энди вилоятда инвестиция натижадорлиги ҳар бир квадрат метр майдонда яратилган қўшилган қиймат билан баҳоланиши белгиланди.
Қорақалпоғистон тажрибаси асосида қолган 13 та ҳудуд учун ҳам лойиҳалар менежери лавозимлари жорий этилиши белгиланди.
Андижондаги лойиҳалар менежери вилоятнинг янги инвестиция моделини яратишга масъул бўлади.
Бу жараёнда ҳар бир туманнинг саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалиги имкониятлари сунъий интеллект ёрдамида баҳоланади. Юқори қўшилган қиймат яратиш имкони бўлган соҳалар аниқланиб, хорижий сармояларни жалб қилиш режаси ишлаб чиқилади.
Айланмаси 100 миллиард сўмдан юқори 104 та корхона фаолиятини кенгайтириш орқали қўшимча 20-30 минг иш ўрни яратиш бўйича лойиҳалар тайёрланади. Айланмаси 1 триллион сўмдан ошган 4 та корхонада технологик модернизация ҳисобига қўшилган қийматни 40-50 фоизга кўпайтириш чоралари кўрилади.
Келгуси йил Андижонда камида 10 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаш, 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.




