Қозоғистон "мисли кўрилмаган тошқинлар" сабаб йирик форумни бекор қилди
Остона форуми жорий йилнинг 13-14 июн кунлари ўтиши лозим эди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда мисли кўрилмаган сув тошқини туфайли июнь ойида Остона халқаро форумини бекор қилишга қарор қилди. Бу ҳақда республика раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Қарор, шунингдек, кенг кўламли вайронагарчилик оқибатларини бартараф этиш ва одамларга ёрдам кўрсатиш учун молиявий ресурсларни тежаш зарурати туфайли қабул қилинди, дейилади хабарда.
Остона форуми жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари бўлиб ўтиши керак эди. Расмийлар халқаро тадбирни кейинги йилга қолдиришга қарор қилишди. "Президент тадбирга таклиф этилган иштирокчилар ушбу қарорга тушуниш билан ёндашишларига умид билдирди. Остона халқаро форуми 2025 йилда ўз ишини тиклайди", — дейилади расмий хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистондаги сув тошқинлари сўнгги 80 йилдаги энг катта табиий офат сифатида баҳоланганди. Офат март ойининг охирида бошланган, 10 апрель куни эса Қозоғистоннинг 17 вилоятидан 10 тасида: Абай, Ақмўла, Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон ва Улитауда фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди.
Энг кескин вазият Россия билан чегарадош Атирау, Акмола, Ақтўбе, Қўстанай, Шарқий Қозоғистон, Шимолий Қозоғистон ва Павлодар вилоятларида кузатилмоқда. 7 апрель куни Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
ФВВ маълумотларига кўра, 13 апрель ҳолатига кўра, олтита ҳудудда 3957 та хусусий турар-жой биноси ва 942 та ҳовли ҳудуди сув остида қолмоқда. Сув тошқини бошланганидан буён қутқарувчилар 102 мингдан ортиқ одамни эвакуация қилди, жабрланган ҳудудларга 1100 тонна гуманитар ёрдам етказилди.