Европа Чемпионлар лигаси ўйинларида текширув кучайтирилмоқда
ИШИДнинг баёнотидан сўнг, ўйинлар ўтадиган шаҳарларда хавфсизлик қоидалари кучайтирилди.
ИШИД террор гуруҳи Европа Чемпионлар лигаси ўйинларига таҳдид солмоқда: натижада Лондон, Париж ва Мадридда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Европада Чемпионлар Лигаси футбол ўйинларида хавфсизлик кучайтирилади, аммо Мадрид, Париж ва Лондондаги ўйинлар ИШИД гуруҳи таҳдидларига қарамай, режадагидек давом этиши белгиланган дея маълум қилди УЕФА.
Франция ва Испания ҳукумати ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилганини тасдиқлади.
ИШИДга яқин бўлган интернет нашрларида ўйинлар ўтказиладиган стадионларга ҳужум қилишга чақирувчи бир қанча плакатлар пайдо бўлгач, хавфсизлик чораларини кучайтиришга тўғри келди.
ИШИДга яқин нашрлар одамларни террор ҳужумларга чақирди ва Лондондаги "Эмирейтс" стадиони, Мадриддаги "Сантяго Бернабеу" ва "Метрополитано" стадионлари ҳамда Париждаги "Парк де Пренс" стадионлари суратларини чоп этди.
Эслатиб ўтамиз, Чемпионлар лигаси чорак финали ўйинларининг икки учрашуви кеча ўтказилди, иккитаси бугун бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 22 март куни Москва вилоятидаги терактда 140 дан ошиқ киши ҳалок бўлди. Ушбу ҳодиса учун жавобгарликни ИШИДнинг "Хуросон" бўлинмаси ўз зиммасига олди. Шундан кейин дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан Европада хавфсизлик қоидалари кучайтирилди.