platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

Совуқ бошланди: иситиш бўйича хавфсизлик қоидалари эълон қилинди

Қўлбола ёки ностандарт иситиш қурилмаларидан фойдаланиш, газ ускуналарини малакасиз усталарга ўрнатириш каби ҳолатлар инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф солади. 

Совуқ бошланди: иситиш бўйича хавфсизлик қоидалари эълон қилинди

​Ҳаво ҳароратининг пасайиши билан хонадонларда иситиш мосламаларидан фойдаланиш бошланмоқда. Бироқ айрим фуқаролар томонидан хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик, қўлбола ёки ностандарт иситиш қурилмаларидан фойдаланиш, газ ускуналарини малакасиз усталарга ўрнатириш каби ҳолатлар инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф туғдирмоқда.

​Айниқса, техник талабларга жавоб бермайдиган қозон ва бошқа иситиш мосламаларини ўрнатиш, дудбуронларнинг нотўғри уланиши, шамоллатиш каналларининг талаб даражасида ишламаслиги ҳамда қурилмалардаги ҳимоя тизимларининг носозлиги ис газидан заҳарланиш ва бошқа бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин.

Ис газининг рангсиз ва ҳидсиз эканлиги эса уни ўз вақтида сезишни қийинлаштиради.

Энергетика вазирлиги газ истеъмолчилари учун қатор маслаҳат ва тавсиялар эълон қилди.

​Бунинг учун:

​Фақат хавфсизлик талабларига жавоб берадиган иситиш мосламаларидан фойдаланинг. Қўлбола, ностандарт ва носоз қурилмаларни ишлатманг.

​Газ ускуналарини малакали мутахассисларга ўрнатиринг ва текширтиринг. Уларнинг техник ҳолати, ҳимоя тизимлари ва хавфсиз ишлашини мавсум бошланишидан олдин текширтиринг.

​Дудбурон ва мўрконларнинг созлигини таъминланг. Уларнинг тўғри уланганини текширинг, қурум ва бошқа тўсиқлардан мунтазам тозалаб туринг.

​Шамоллатиш тизимларига эътиборли бўлинг. Ҳаво алмашинуви учун мўлжалланган каналларни беркитманг ва уларнинг созлигини назорат қилинг.

​Газ плитаси орқали хоналарни иситманг. Газ ускуналаридан фақат белгиланган мақсадда ва фойдаланиш қоидаларига мувофиқ фойдаланинг.

​Иситиш мосламаларини назоратсиз қолдирманг. Қурилмаларнинг ишлашида носозлик ёки газ ҳиди сезилса, хавфсизлик чораларини кўринг ва тегишли хизматларга мурожаат қилинг.

​Ис газидан заҳарланишнинг дастлабки белгилари бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва ҳолсизлик бўлиши мумкин. Бундай аломатлар кузатилганда, дарҳол тоза ҳавога чиқинг, бошқаларни ҳам хавфли ҳудуддан олиб чиқинг ва тез тиббий ёрдамга мурожаат қилинг.

​Унутманг, ис гази билан боғлиқ хавфни ўз вақтида сезиш ҳар доим ҳам мумкин эмас. Шу боис хавфсизлик чораларини олдиндан кўриш, газ ускуналари ва иситиш тизимларини соз ҳолатда сақлаш ҳаётий аҳамиятга эга.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid