Тошкентда 6 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди
Ҳодиса қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган хусусий уйда содир бўлган. Аниқланишича, уйнинг ертўла қисмига ўрнатилган иситиш қозони хавфсизлик талабларига жавоб бермаган.

2026 йил 25 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида 6 нафар фуқаро вафот этди.
Шунингдек, яна 2 нафар фуқаро оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Бу маълумотни Бош прокуратура тасдиқлади.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган хусусий уйда содир бўлган. Аниқланишича, уйнинг ертўла қисмига ўрнатилган иситиш қозони хавфсизлик талабларига жавоб бермаган, газ тармоғига эса белгиланган тартибда тегишли техник шартларсиз уланилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116, 257, 205-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.





