Ис газидан қурбон бўлаётганларда одамларнинг ўзи айбдор қилинди
Фақат одамларни айблаш эмас, танганинг икки томони ҳам оппоқ эмаслигини тан олиш керакдир.
Ис газидан одамлар ўлиши ҳар йили кузатилади, аммо ахборот технологиялари асрида бунинг олдини олишга жўяли бир иш қилинмайди. Ис газидан заҳарланишда дунё тажрибаси ўрганилганми, уларда ҳолат қанақа?
Бугун АОКАда "Куз-қиш мавсумида юзага келаши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, уларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар" мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу саволга қуйидагича жавоб берилди:
“Иситиш тизимидаги фавқулодда вазиятларнинг юз бериши биринчи марта инсонларга боғлиқ. 2020 йилларда ис газидан заҳарланиш ижтимоий муаммога айланганди. Ҳозир аҳвол анча яхши ва содир бўлиш кескин пасайган. Биз мавсум тугагандан сўнг бу мавсумдаги барча камчиликларни сарҳисоб қиламиз. Ва бу сарҳисоблар вазиятларни яхшилаяпти. Ис газидан заҳарланишнинг асосий сабабларидан бири инсонлар ўз хавфсизлигини ўйламаётгани”, дейди ФВВ бошқарма бошлиғи Ўлмас Музаффаров.
Аммо, биласизки, барча ҳолатлар ҳам инсон омилига бориб тақалавермайди. Тунда исинишга газдан бошқа тизимдан фойдаланмайдиган халқ газни ўчириб ухламайди. Натижада ўзи шундоқ ҳам етишмаётган газ тунда ўчади. Фақат одамларни айблаш эмас, танганинг икки томони ҳам оппоқ эмаслигини тан олиш керакдир. Юқорида айтганимиздек, ахборот технологиялари асрида бунинг олдини олишга жўяли бир иш қилинмайди. Шунчалик аҳоли айбдор экан, уй қурилишига ФВВ таклиф билан чиқиб, ҳаво айланиш тизимини жорий қилиш керакдир.
Маълумот учун, 2022 йилда ис гази туфайли жабрланган ва вафот этганлар сони қарийб 200 нафар бўлган. 2022 йилда 90 дан ортиқ ис гази билан заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда ФВВ маълумотлари асосида ИИВ ахборот хизмати хабар берганди.
Маълум қилинишича, 2022 йил бошидан буён Ўзбекистонда 90 дан ортиқ ис газидан заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Оқибатида 50 нафар фуқаро жабрланган. 146 нафар одам вафот этган.
2022 йил 24 май куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг йиғилишида 2020 йилдан бошлаб 2022 йилнинг май ойигача Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлгани, оқибатда 366 нафар фуқаро вафот этгани ва 307 киши турли даражада жароҳат олгани айтилганди.