Фарғонада бир оиланинг тўрт аъзоси вафот этди
Фуқароларнинг ўлими ис газидан ўткир заҳарланиш оқибатида юзага келгани аниқланган.
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида эр-хотин ва уларнинг икки қизи ис газидан заҳарланиб вафот этди.
Ҳолат 15 декабр куни соат 13:00 ларда Ўзбекистон тумани, “Обод” МФЙда содир бўлган. Эр-хотин М.М. ва Ж.Н. ҳамда уларнинг вояга етмаган икки қизи яшаш хонадони ётоқхонасида ис газидан заҳарланиб, вафот этган.
Кўздан кечириш давомида марҳумлар истиқомат қилган хонадоннинг ётоқхона ва ювиниш хоналари қўлбола усулда темирдан ясалган иситиш печига табиий газ тармоғи тортилиб, иситиб келингани, яшаш хонаси эшик ва дераза ромлари алюминий профилдан ишлангани маълум бўлди.
Ёнғинга қарши кураш жамияти туман ҳудудий бўлими техник хавфсизлиги муҳандисининг хулосасига кўра, кўздан кечиришда мазкур қўлбола иситиш печларида табиий газ ёқилган ҳолатда бўлгани, унинг дудбурони ностандарт ҳолатда ташқарига чиқарилгани ва натижада газ тўлиқ ёнмасдан, ис гази назоратсиз тарқалишига сабабчи бўлгани кўрсатилган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, фуқароларнинг ўлими ис газидан ўткир заҳарланиш оқибатида юзага келгани аниқланган. Терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, октябр ойида Самарқанд вилояти, Оқдарё туманида ҳам уч киши ис гази сабаб вафот этганди.
2022 йилда ис гази туфайли жабрланган ва вафот этганлар сони қарийб 200 нафар бўлган. 2022 йилда 90 дан ортиқ ис гази билан заҳарланиш ҳолати қайд этилган.
Маълум қилинишича, 2022 йил бошидан буён Ўзбекистонда 90 дан ортиқ ис газидан заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Оқибатида 50 нафар фуқаро жабрланган. 146 нафар одам вафот этган.