"Рақамли қиёмат": конспирологик ваҳима замирида ҳақиқат борми?
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда 17 ноябрь куни улкан рақамли қиёмат кутилаётгани ҳақидаги ташвишли хабарлар тарқалди. Айтилишича, дунёдаги йирик банклар хакерлар ҳужумига учраб, миллионлаб одамларнинг ҳисобрақамларидаги маблағлар бир зумда йўқолиши, глобал интернет уч ойга ўчирилиб, инсоният рақамли алоқасиз қолиши мумкин.

Инсоният доим глобал фалокатлардан чўчиб яшайди. Табиатнинг ёки жамиятнинг кутилмаган сюпризларидан хавотирда юради, улар қаршисида ожизлигини қалбан ҳис қилиб туради.
Кенг кўламли сув тошқинлари, иқлим ўзгариши ва вулқон отилиши каби табиат “инжиқликлари” тушунарли, аммо одамзот ўз қўли билан яратган инновациялар ҳам баъзан жиловини узиб, назоратдан чиқиб кетиши мумкин. Лабораториядан “қочган” вируслар, террорчилар қўлига тушган оммавий қирғин қуроллари ва ҳатто ядровий қиёмат хавфи ҳам шулар жумласидан.
Инсон яратган қурол ва воситалар худди пичоққа ўхшайди – жарроҳ қўлида у шифо келтиради, ҳунарманд қўлида санъат яратади, аммо ақлсиз ва ёвуз кишилар қўлига тушиб қолса билоқибат одамзотнинг ўзига кулфат келтиради.
Оз фурсат ичида зудлик билан ривожланиб, инсоният тараққиётининг янги саҳифасини очиши кутилаётган сунъий интеллект ҳам бугун “ипини” узиб, назоратдан чиқиши ва одамларга зарар етказиши борасида хавотирлар кучайди.
Янги қувонч – янги хавотир
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда 17 ноябрь куни улкан рақамли қиёмат кутилаётгани ҳақидаги ташвишли хабарлар тарқалди.
Хўш, куз ойининг ушбу илиқ кунларида мисли кўрилмаган рақамли фалокат юз бериши мумкинми? Дунёдаги йирик банклар хакерлар ҳужумига учраб, миллионлаб одамларнинг ҳисобрақамларидаги маблағлар бир зумда йўқоладими? Глобал интернет уч ойга ўчирилиб, инсоният рақамли алоқасиз қоладими? Бу жараёнда сунъий интеллект қандай рол ўйнайди?
Айрим чиқишлар ва мақолаларда 17 ноябрда номаълум хакерлик гуруҳлари дунёнинг энг йирик молиявий муассасаларига бир вақтнинг ўзида ҳужум уюштириши, банк маълумотлар базаларини йўқ қилиши, одамларнинг ҳисобларидаги пулларни «нолга тушириши» ва бутунжаҳон интернет тармоғини 90 кунга ишдан чиқариши мумкинлиги таъкидланмоқда. Бундан ҳам ғалатиси, айрим талқинларда ушбу фалокатдан кейин глобал рақамли тизимлар сунъий интеллект ёрдамида қайта қурилиши ҳақидаги жиддий тахминлар илгари сурилган.
Хўш, бу башоратларнинг қанчалик илмий-техник асоси бор? Хабар қаердан пайдо бўлган? Бу хабарлар ортида ҳақиқий киберхавф турибдими ёки одамларнинг қўрқувидан фойдаланишга қаратилган навбатдаги ахборот манипуляциясими?
Ваҳимали хабар қаердан пайдо бўлди?
ОАВдаги чиқишлар таҳлил қилинса, «17 ноябрда рақамли қиёмат бошланади» деган даъволар октябрь ойининг охири ва ноябрь ойининг бошларида ижтимоий тармоқларда тарқала бошлаганига амин бўламиз. Айрим фактчекинг нашрлари хабарнинг илк кенг тарқалган вариантларини X ижтимоий тармоғидаги аноним манбага ишора қилган фойдаланувчи билан боғламоқда. Ўша хабарда гўё «даркнет» — интернетнинг махсус воситалар орқали кириладиган яширин қисмида глобал киберҳужум режалаштирилаётгани ҳақида маълумот пайдо бўлгани айтилган.
Бироқ ушбу хабарни тарқатган манбанинг ўзи ҳам маълумот тасдиқланмаганини тан олган. Унда ҳужумни амалга ошириши мумкин бўлган хакерлик гуруҳи, нишонга олинган банклар, ишлатилиши режалаштирилаётган зарарли дастурлар ёки техник ҳужум механизмлари ҳақида ишончли далиллар келтирилмаган.
6 ноябрда Россиянинг «Лапша Медиа» фактчекинг платформаси, 9 ноябрда эса Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши ҳузуридаги Дезинформацияга қарши курашиш маркази ушбу маълумотларни асоссиз деб баҳолади.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам мазкур сценарий ҳақида ишончли огоҳлантириш мавжуд эмаслигини билдирган.
Албатта, бу хабар бир неча мамлакатда кенг тарқалгани унинг ҳақиқат эканлигини англатмайди. Аксинча, замонавий ахборот муҳитида текширилмаган маълумотлар мамлакатлар ва тиллар ўртасида шиддат билан тарқалиб, баъзан оммавий ишонч тусини олиши ҳозир ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди. Биринчи манбага ишора қилган иккинчи канал, иккинчисига таянган учинчи саҳифа ва улардан кўчирилган юзлаб публикациялар натижасида битта тасдиқланмаган тахмин гўё бир нечта мустақил манба томонидан тасдиқланган хабар тусига кириши осон. Ахборот манипуляциясининг энг хавфли жиҳатларидан бири ҳам шунда.
Нега айнан 17 ноябрь танланган?
Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди, деганларидек, 17 ноябрга белгиланган муҳим технологик тадбир ҳақиқатан ҳам бор. Лекин бу хакерлар ҳужуми ҳам, интернетни ўчириш амалиёти ҳам эмас.
Гап шундаки, АҚШ Федерал фавқулодда вазиятларни бошқариш агентлиги — FEMA ва Федерал алоқа комиссияси — FCC 2026 йил 17 ноябрь куни мамлакат бўйлаб фавқулодда огоҳлантириш тизимини синовдан ўтказишни режалаштирган. Бу ҳақда расмий маълумотлар ҳали 16 сентябрь куни эълон қилинган. Синов АҚШнинг шарқий вақти билан соат 14:20 да ўтказилиши, радио ва телевидение орқали махсус огоҳлантириш хабари узатилиши белгиланган. Эфирдаги узилиш тахминан бир дақиқа давом этади. Мобил телефонларга оммавий фавқулодда хабар юбориш тизими эса бу синовга киритилмаган. Агар тадбир белгиланган санада ўтказилмаса, захира сана сифатида 3 декабрь кўрсатилган.
Демак, 17 ноябрь билан боғлиқ реал ва расмий (!) тадбир мавжуд. Лекин унинг банк тизимларига ҳужум қилиш ёки глобал интернетни ўчиришга умуман алоқаси йўқ. Шунга қарамасдан, тарқатилган конспирологик талқинларда айнан шу синов гўё ҳукуматлар «яқинлашаётган рақамли фалокатдан олдин тайёргарлик кўраётгани»нинг белгиси сифатида кўрсатилган.
Албатта бу дезинформацияда кўп учрайдиган усул: бир реал ҳақиқий воқеа олинади ва унга асоссиз ёлғон ёки талқин қўшилиб, ўқиган, кўрган ва эшитган одам ишониши осон бўлган сохта сабаб-оқибат занжири ясалади. Масалан, АҚШдаги режали огоҳлантириш синови ҳақиқий факт. Аммо ундан глобал киберҳужум содир бўлиши ҳақида хулоса чиқариш мантиқан нотўғри.
Хакерлар бутун дунё интернетини уч ойга ўчира оладими?
Энди конспирологик ваҳиманинг шу қисмига жавоб изласак.
Кўпчилик интернетни ягона марказдан бошқариладиган улкан ахборот тизими сифатида тасаввур қилади. Аслида эса бундай эмас. Интернет — турли мамлакатлардаги ўн минглаб мустақил тармоқлар, телекоммуникация операторлари, маълумотлар марказлари, серверлар, магистрал алоқа линиялари ва техник инфратузилмаларнинг ўзаро боғланган тизимидир.
Интернетнинг домен номлари ва манзилларини мувофиқлаштириш билан шуғулланувчи ICANN ҳамда Internet Society ташкилотлари уни ягона марказдан бошқарилмайдиган тармоқлар мажмуаси сифатида тавсифлайди.
Шу боисдан, глобал интернетни бутун Ер юзида бир пайтда ишдан чиқариш учун биттагина серверни бузиш, бирор дастурни ишга тушириш ёки бир нечта банкка ҳужум қилишнинг ўзи кифоя қилмайди.
Тўғри, йирик киберҳужумлар жиддий оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин. Масалан, DDoS ҳужумлари орқали интернет хизматларини вақтинча ишдан чиқариш, маршрутизация тизимларидаги носозликлар туфайли катта ҳудудларда алоқа узилиши ёки муҳим инфратузилмага зарар етказилиши мумкин. Ҳатто айрим мамлакатларда давлат қарорлари ёки техник узилишлар сабабли интернетга кириш чекланган ҳолатлар ҳам кузатилган. Бироқ бундай воқеалар билан бутун дунё интернетининг айнан уч ойга тўлиқ ўчирилиши мутлақо бошқа масштабдаги ҳодисадир.
Хуллас, глобал тармоқнинг катта қисмига таъсир қиладиган фавқулодда инқирозлар юз бериши назарий жиҳатдан реал ҳолат. Лекин бунинг учун ўзаро боғлиқ кўплаб инфратузилмаларда бир вақтнинг ўзида жиддий узилишлар юз бериши керак бўлади. 17 ноябрда шундай жараён бошланиши ёки унинг 90 кун давом этиши ҳақида эса текшириладиган техник далил мавжуд эмас. Шу боис «интернет албатта уч ойга ўчади» деган даъво илмий-техник таҳлилдан кўра кўпроқ фантастик сценарийни эслатади.
Банк ҳисобларидаги миллиардлаб долларларни бир зумда йўқ қилиш мумкинми?
Ахборотнинг энг кўп хавотир уйғотаётган қисми айнан молиявий хавф билан боғлиқ. «Хакерлар банк ҳисобларини нолга туширади» деган жумла оддий инсон учун ниҳоятда қўрқинчли эшитилади. Чунки банк ҳисобварағи кўпчиликнинг ойлик маоши, жамғармаси, пенсияси ва кундалик ҳаёти билан бевосита боғлиқ. Бироқ банк тизимлари ижтимоий тармоқлардаги оддий электрон ҳамёнлар каби ишламайди.
Замонавий молиявий муассасаларда операциялар ҳақидаги ёзувлар, бухгалтерия ҳисоблари, транзакциялар тарихи, резерв нусхалар, аудит журналлари ва маълумотларни тиклаш механизмлари мавжуд. Шунингдек, банклар ва тўлов инфратузилмаларида киберхавфсизлик, фаолият узлуксизлиги ҳамда фавқулодда вазиятлардан кейин тикланиш чоралари қўлланади.
Буларнинг барчаси ҳар қандай киберҳужумни мутлақо зарарсиз қилади, дегани эмас. Агар хакерлар муҳим ахборот тизимларига кириш имкониятини қўлга киритса, транзакцияларга аралашиши, маълумотларни шифрлаб қўйиши, айрим ёзувларни бузиши ёки молиявий хизматларни вақтинча тўхтатиши ҳам мумкин. Бироқ банк мобил иловасида баланс нотўғри кўриниши, транзакция бажарилмай қолиши ва ҳисоб эгасининг пулга бўлган қонуний ҳуқуқи бутунлай йўқолиши- турли характердаги ҳолатлардир. Уларни ўзаро тенглаштириш нотўғри бўлади.
Ҳатто маълумотлар бузилган тақдирда ҳам, молиявий операцияларнинг мустақил қайдлари ва резерв нусхалари ёрдамида ҳисобларни тиклаш имконияти бўлиши мумкин. Бунда тиклашнинг муваффақияти ҳужум масштабига, маълумотлар яхлитлигига ва банкнинг тайёргарлик даражасига боғлиқ. Шу жиҳатдан олганда, дунёнинг барча йирик банкларидаги маблағлар бир кунда изсиз йўқолиб кетиши ҳақидаги даъво ишончли далилларга таянмайди.
Бироқ бу кибержиноятчилар банк мижозлари учун хавф туғдирмайди, дегани ҳам эмас. Эҳтимоли энг катта хавф — глобал ҳисобларни бир вақтда йўқ қилиш эмас, балки алоҳида фуқароларнинг пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишда кўринади.
Сунъий интеллект: эҳтимолий ҳужумчими ёки ахборот ваҳимасини кучайтирувчи воситами?
«Рақамли қиёмат» ҳақидаги баъзи хабарларда сунъий интеллект алоҳида ўрин эгаллайди. Уларда гўё глобал молиявий инқироздан кейин рақамли тизимлар кучли сунъий интеллект ёрдамида янгидан қурилиши, мавжуд инфратузилма эса бутунлай ўзгартирилиши айтилмоқда.
Бу тахминларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак. Ҳозирча 17 ноябрда амалга оширилиши айтилган ҳужумни сунъий интеллект бошқариши ёки қандайдир глобал рақамли тизимни қайта қуриш режаси мавжудлигини тасдиқловчи ишончли далиллар аниқланмаган. Бироқ сунъий интеллект билан кибержиноятчилик ўртасидаги алоқани бутунлай инкор этиб бўлмайди. СИ технологиялари ҳақиқатан ҳам фирибгарлар томонидан фойдаланилиши мумкин. Масалан, улар ёрдамида ҳақиқийга ўхшаш сохта овозлар, видеолар, электрон хабарлар ва ишонарли фишинг материаллари тайёрланади.
Microsoft компаниясининг киберхавфсизлик таҳлилларида ҳам сунъий интеллект ёрдамида амалга ошириладиган алдаш ва фирибгарлик усуллари янги хавф йўналишларидан бири сифатида кўрсатилган.
Бу вазиятда СИ икки хил вазифани бажариши мумкин. Масалан, кибержиноятчилар ундан одамларни алдаш, сохта хабарларни ишонарли қилиш ва фирибгарлик жараёнларини автоматлаштириш учун фойдаланиши мумкин. Ёки бўлмаса, киберхавфсизлик мутахасислари СИдан шубҳали фаолликни аниқлаш, ҳужум аломатларини таҳлил қилиш ва ахборот тизимларини ҳимоялаш мақсадида фойдаланишлари мсумкин. Демак, сунъий интеллектнинг ўзи мустақил равишда барча рақамли фалокатларнинг сабабчиси эмас. Унинг хавфи ёки фойдаси уни ким, қандай мақсадда ва қандай назорат остида қўлланишига боғлиқ.
Хуллас, СИ ёрдамида яратилган ишонарли ахборот ҳақиқий ахборот дегани эмас. Бугун СИ воситалари шунчалик ривожланганки, оддий фойдаланувчи баъзан сохта эксперт чиқишини, қалбаки расмий мурожаатни ёки компьютерда яратилган видеони ҳақиқий воқеадан ажратишда қийналиб қоляпмиз. Бу эса фейк хабарларнинг ижтимоий таъсирини янада кучайтиради.
Нега одамлар бундай хабарларга тез ишонади?
Бу масаланинг технологик жиҳатидан ташқари психологик ва ижтимоий томони ҳам бор. Сўнгги йилларда дунё аҳолиси коронавирус каби турли пандемиялар, ҳарбий можаролар, иқтисодий беқарорлик, киберҳужумлар ва йирик технологик тизимлардаги узилишларга гувоҳ бўлди. Натижада жамиятда кутилмаган глобал инқирозларга нисбатан сезгирлик кучайган. Фейк хабарлар айнан ана шу ҳиссий муҳитдан фойдаланади.
«Эртага барча пулларингиздан айримлиб қоласиз », «Интернет уч ой ишламай қолади» ёки «Ҳукуматлар биздан ҳақиқатни яширяпти» каби ҳиссиёт уйғотувчи даъволар одамга мантиқий таҳлилидан кўра кўпроқ қўрқув ва хавотир ҳисларига таъсир қилади.
Айниқса, аниқ сана кўрсатилиши хабарни янада таъсирчан қилади. «Қачондир глобал киберҳужум бўлиши мумкин» деган умумий гап билан «17 ноябрда бутун дунё интернети ўчади» деган баёнот ўртасида психологик фарқ катта. Иккинчи ҳолатда инсон ўзини фавқулодда вазият қаршисида тургандай ҳис қилади. Бундай шароитда хабарни текшириш ўрнига уни яқинларига юбориш, пулларини шошилинч ечиб олиш ёки турли «ҳимоя хизматлари»га мурожаат қилиш эҳтимоли ортади. Шу тариқа ахборот ваҳимаси ўз-ўзини кучайтирувчи жараёнга айланади. Аввал текширилмаган хабар пайдо бўлади. Кейин у кўпчилик томонидан тарқатилади. Хабар оммалашгани сари одамлар уни жиддий қабул қила бошлайди. Натижада ҳатто асоссиз тахмин ҳам реал иқтисодий ва ижтимоий ҳаракатларга туртки бериши мумкин. Яъни баъзан фейк хабарнинг ўзи эмас, унга ишониш натижасида қабул қилинган қарорлар ҳақиқий зарар келтиради.
Cui bono?
Юристлар бир иборани кўп ишлатишади: Cui bono? Бу жумла латинчада “Кимга фойда?” дегани. Айтайлик, бир жиноят рўй берди. Кимга фойда бундан? Кимга фойдалиги аниқланса, демак ўша шахс ёки ташкилот шу жиноятни амалга оширган бўлади.
Хўш, 17 ноябрни “рақамли қиёмат” дея айюҳаннос солишдан кимга кўпроқ фойда бўлиши мумкин?
Бир қарашда, мазкур миш-миш хабарларнинг биринчи муаллифи ва уларни тарқатишда иштирок этган барча шахсларнинг мақсади борасида якдил фикрлар йўқ. Шунинг учун ушбу ахборот кампанияси ортида муайян давлат, ташкилот ёки жиноий гуруҳ турибди, деб қатъий даъво қилиш учун етарли асос йўқ. Лекин бундай ваҳимали ахборотдан манфаатдор бўлиши мумкин бўлган томонларни таҳлилий жиҳатдан кўрсатиш мумкин.
Аввало, сенсацион контент тарқатувчи саҳифалар бундай хабарлар орқали кўпроқ кўришлар, обуначилар ва реклама даромадига эга бўлиши ҳақиқатга яқин.
Қолавреса, фирибгарлар аҳолининг қўрқувидан фойдаланиб, сохта банк огоҳлантиришлари юбориши, «маблағларингизни хавфсиз ҳисобга ўтказинг» деган баҳона билан пулларни ўзлаштиришга уриниши мумкин. Бундан ташқари, кибержиноятчилар «17 ноябрдаги ҳужумдан ҳимоя қилувчи дастур» ниқоби остида зарарли иловаларни тарқатишлари эҳтимолдан холи эмас. Шунингдек, ахборот манипуляцияси орқали молиявий институтларга ва расмий ахборот манбаларига нисбатан ишончсизликни кучайтириш мумкин.
Ўзбекистон учун қандай хавф бор?
Мазкур ахборот тўлқини Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам бефарқ мавзу эмас. Мамлакатда электрон тўловлар, банк мобил иловалари, онлайн савдо, масофавий хизматлар ва рақамли давлат хизматларидан фойдаланиш ҳаётнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Бу жараён жамиятга улкан қулайликлар яратаётгани билан бирга ахборот хавфсизлигига бўлган талабни ҳам оширади. Бунинг устига, охирги пайтларда ўзбекистонликларнинг пуллари ва шахсий маълумотлари тез-тез ўғирланмоқда ва бунинг олдини олиш учун кўрилаётган чораларни самарали деб бўлмайди. Ҳатто фактларга кўра, расмийлар “ўта самарали ҳимоячи илова” дея мажбуран ўрнатаётган илова – “АПК қўриқчи” ўрнатилганидан кўп ўтмай, айни шу одамларнинг ҳисоб рақамларидан пул ечиб олинган. Демак АПК қўриқчи эмас, навбатдаги шахсий маълумот йиғувчи восита бўлиб, ғаразли гуруҳлар ундан шахсий маълумотларни ўғирлаш воситаси ҳамда банк иловалари ичига осон кириш эшиги сифатида фойдаланишяпти.
Шу боис, миш-мишлардан ваҳима тушмаган маъқул, аммо шу кунлари шубҳали ҳаволаларга кириш, банк картаси маълумотларини бегона шахсларга бериш, SMS орқали келган тасдиқлаш кодларини ошкор қилиш ёки ўзини банк ходими деб таништирган номаълум шахснинг кўрсатмаларига жавоб қайтармаган маъқул. АҚШ Киберхавфсизлик ва инфратузилма хавфсизлиги агентлиги — CISA ҳам ҳисобларни ҳимоя қилишда кўп омилли аутентификация, фишингдан эҳтиёт бўлиш ва ахборот тизимларини мунтазам ҳимоялаш муҳимлигини таъкидлайди.
Ўзбекистон шароитида ҳам фуқаролар банклар ва ваколатли ташкилотларнинг расмий каналлари орқали маълумот олиши, шубҳали операцияларни тезда банкка хабар қилиши ҳамда ваҳима таъсирида молиявий қарорлар қабул қилмаслиги мақсадга мувофиқ бўларди. Банк тизими учун эса ушбу ахборот тўлқини муҳим бир сабоқни кўрсатади: молиявий хавфсизлик фақат техник ҳимоя билан чекланмайди. Мижозлар билан ўз вақтида, аниқ ва ишончли ахборот алмашиш ҳам хавфсизликнинг ажралмас қисмига айланмоқда.
Хулоса: 17 ноябрь — рақамли қиёмат эмас, ахборот иммунитети учун синов
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 17 ноябрь куни глобал интернетнинг уч ойга ўчирилиши, банк ҳисобларининг оммавий йўқ қилиниши ва сунъий интеллект иштирокида бутун дунё рақамли инфратузилмасининг қайта қурилиши ҳақида тарқалган хабарлар ишончли далилларга асосланмаган. Бу сценарий ҳозирча факт эмас, балки тасдиқланмаган маълумотлар, технологик қўрқувлар ва конспирологик тахминлардан тузилган ахборот конструкциясидир.
Энг эътиборли жиҳати шундаки, мазкур хабарнинг шаклланишида ҳақиқий воқеа — АҚШдаги фавқулодда огоҳлантириш тизими синови — асоссиз глобал фалокат башорати билан боғлаб юборилган. Бу эса замонавий дезинформациянинг муҳим хусусиятини очиб беради: ёлғон ахборот ҳар доим ҳам бошидан охиригача тўқиб чиқарилмайди. Баъзан у ҳақиқий фактлар устига сохта хулосалар қуриш орқали яратилади.
Бироқ ушбу воқеадан фақат «хабар ёлғон экан» деган хулоса чиқариш етарли эмас. У рақамли жамиятнинг яна бир заиф нуқтасини намоён этмоқда. Бугун глобал молиявий тизимлар, интернет инфратузилмаси ва давлат хизматлари қанчалик муҳим бўлса, уларга нисбатан жамоатчилик ишончи ҳам шунчалик муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги энг катта хавф фақат хакерларнинг компьютер тизимларига кириб боришида эмас. Балки ёлғон ахборотнинг инсон онгига кириб бориб, унинг қарорларини бошқаришида ҳамдир. Зеро, рақамли даврда ахборот хавфсизлиги ҳар бир инсоннинг ўзи олган хабарга муносабатидан бошланади. Интернетни хакерлар вақтинча ишдан чиқарса, уни тузатиш қийин эмас. Аммо жамиятнинг танқидий фикрлаш қобилияти ишдан чиқса, уни тиклаш анча мушкул бўлади...
Абулфайз Сайидасқаров





