Ўзбекистон 4 давлат ҳарбийлари билан қўшма машғулот ўтказади
Машғулотлар 2024 йил июл ойида Қозоғистонда бўлиб ўтади.

Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари 2024 йил июл ойида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказади. Бу ҳақда "Интерфакс-Озарбайжон" хабар бермоқда.
Агентлик маълумотларига кўра, машғулотлар Қозоғистондаги Оимаша полигонида, шунингдек, Каспий денгизида жойлашган Токмак бурнида бўлиб ўтади.
Маълум қилинишича, машғулотлар давомида қуролли можаролар зонасини белгилаш йўналиши бўйича жанговар тайёргарлик вазифаларини бажариш бўйича ҳаракатлар ишлаб чиқилади.
3 апрел куни Қозоғистоннинг Актау шаҳрида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон мудофаа вазирликлари вакиллари иштирокида "Бирлестик-2024" ("Иттифоқ-2024") тезкор-тактик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига бағишланган режалаштириш конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда машғулотларга тайёргарлик кўриш ва галдаги вазифалар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди, дейилади хабарда.